Салом азизлар. Худо севги бўлганлигидан, У сизга ерда ўргатишни ҳоҳлаган энг муҳим дарс қандай севишдир. Севгидагина биз Худога ўхшаймиз, шунинг учун севги Худо амрларининг пойдевори ҳисобланади. “Чунки Илоҳий Қонуннинг ҳаммаси бир сўзда жамланади, яъни: “Ўзгани ўзинг каби севгин”” (Галатияликларга 5:14)
Ўзини бағишлаб яхши кўриш осон вазифа эмас. У бизнинг фақат ўзимизга қаратилган табиатимизга қарши ҳаракат қилади. Шунинг учун бизга умр давомида уни ўрганиш буюрилган. Албатта, Худо биз ҳаммани севишимизни ҳоҳлайди, лекин у айниқса оиладошларимизни севишимизни ҳоҳлайди. Олдин кўриб чиққанимиздек, бу ҳаётингиз учун иккинчи мақсаддир. Бутрус бизга шундай дейди, “Ҳамма одамларни ҳурмат қилинглар. Имонли биродарларингизни севинглар.” (1 Бутрус 2:17)
Павлус ушбу ҳиссиёт билан акс садо беради: “Фурсатимиз бор экан, ҳаммага, айниқса, ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қилаверайлик.” (Галатияликларга 6:10)
Нима учун Худо бошқа иймонлиларга севги ва махсус муносабат билдиришимизни ҳоҳлайди? Нима учун улар севишда афзалликка эга? Чунки Худо Ўз оиласини ҳамма нарсадан кўпроқ севгида танилишини ҳоҳлайди. Исо айтганидек, бизнинг доктринамизга эмас, балки бир-биримизга бўлган севгимиз дунё учун энг катта гувоҳликдир. У шундай дейди, “Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.” (Юҳанно 13:35)
Жаннатда Худо оиласининг хурсандчилигида абадий яшаймиз, лекин аввал ушбу абадий севги учун ерда оғир ишларни бажаришимизга тўғри келади. Худо бизларни “оилавий маъсулият” бериш орқали машқ қилдиради, ва бу ишларнинг энг муҳими бир-биримизни севишимиздир. Худо сизни бошқа иймонлилар билан мунтазам ва яқин муносабатда бўлиш орқали севги маҳоратимизни мустаҳкамлашимизни ҳоҳлайди. Севги айрилиқда бўлганда ривожланмайди. Сиз қўрқинчли, номукаммал ва ишончсиз кишилар атрофида бўлишингиз керак. Бирга бўлиш орқали баъзи муҳим ҳақиқатларни ўрганамиз.
Севги сизнинг энг муҳим ишингиз, асосий вазифангиз ва энг буюк орзунгиз бўлиши керак. Севги ҳаётингизнинг яхши қисми эмас; бу энг муҳим қисмдир. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Севгининг пайидан бўлинглар” (1 Коринфликларга 14:1)
“Ҳаётимда ҳоҳлайдиган энг асосий нарсадан бири севгида бўлишимдир” деб, гўёки севги ўнталик рўйхатга киритилгандек айтиш етарли эмас. Муносабатлар ҳаётингизда бошқа нарсалардан кўра муҳим ўринни эгаллаши керак. Нега? Севгисиз ҳаётнинг умуман қадри йўқ. Павлус буни шундай айтади: “Агар бутун ер-мулкимни тақсимлаб берсам, ҳатто баданимни ёндиришга топширсам-у, лекин севгим бўлмаса, менга ҳеч фойдаси йўқ.” (1 Коринфликларга 13:3)
Баъзида биз муносабатлар жадвалга киритилиши керак бўлган вазифадек ҳаракат қиламиз. Биз болаларимиз учун вақт топишимиз ва ҳаётимиздаги кишилар учун вақт сарфлашимиз ҳақида гаплашамиз. Бу бизга муносабатлар бошқа вазифалар каби ҳаётимизнинг қисми эканлиги туйғусини беради. Лекин Худо муносабатлар бизнинг бутун ҳаётимиз эканлигини айтади.
Бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.