«У дарё бўйида экилган ва илдизлари кенг қулоч отган дархтга ўхшайди» (Еремиё 17:8).
«Экишнинг ҳам, экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:2).
Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз аёллар ҳаётда қанча кўп яшаганимиз сари, донороқ бўла борамиз. Ҳаётимизга нималарни олишни-ю, нималарни олмасликни ўрганамиз. Кўп нарсалардан сабоқ олиб, ҳулоса чиқарамиз. Бугун ҳам бир дарахтнинг мисолида биз аёлларга керак бўладиган зарур бўлган баъзи нарсаларни сизлар билан бўлишишни истадим.
Агар эътибор қилсангиз катта дарахтларнинг илдизлари ҳам шунга яраша мустаҳкам бўлади. Аммо илдизни кўрмаймиз. У ер остида яширин бўлади. Биз аёлларнинг ҳам инсонларга ташқи тарафдан кўринмайдиган, яширин ҳаётимиз бор. Яширин ожизликларимиз ва кучли томонларимиз бор. Буни бошқалар кўрмаса-да Яратувчимиз кўради. Имонли аёлнинг ҳаёти бир томондан айсбергга ўхшайди. Айтишларича айсбергнинг еттидан бир қисмигина сув устида бўларкан. Аммо шу бир қисми ҳам ҳайбатли кўринади. Кўзга кўринмайдиган қисми сув остида бўлиб, ақлли капитан айсбергдан узоқда сузади. Бизнинг асли қандайлигимиз ўша кўзга кўринадиган бир қисмимиздан билинади. Дарахтнинг қанчалик мустаҳкамлиги унинг томирларидан маълум бўлганидай, бизнинг ташқи сифатларимиз ҳам Худонинг Каломидан қанчалик озуқа олишимизга қараб белгиланади. Чиндан ҳам табиатдаги нарсаларга қараб ўзимизга керакли сабоқни олишимиз мумкин. Дарахтнинг илдизи ўзига керакли нарсани олади. У ўзига керакли миқдордаги сувни, озуқани тупроқдан олади. Биз ҳам руҳан соғлом бўлишимиз учун керакли озуқани Худодан оламиз. Худо билан бирга ўтказилган вақт аёл киши учун катта алмаштириш вақти бўлади. Биз Худо билан муносабатда, У билан ўтказилган вақт давомида, заифликларимизни Худонинг кучига, қўрқувларимизни дадилликка, дилимиздаги қоронғуликни ёруғликка, хафачиликни шодликка алмаштирамиз. Худо муаммоларимизга ечим топади. Қалбимизни тасаллига ва тинчликка тўлдиради.
Илдиз ўзига керакли нарсани олишдан ташқари у худди омборхонага ўхшайди. У ўзига керакли нарсани ортиғи билан олган бўлса, уни ўзида сақлашни ҳам билади. Керак пайтида дарахтга ўша керакли озуқани етказиб беради. Ўзига етарлича заҳира йиққан томирлар дарахтни қурғоқчиликдан, жазирама иссиқдан омон олиб чиқади. Барглари сарғаймайди, қуриб қолмайди. Биз ҳам худди дарахт каби ўзимизга керакли нарсаларни Худодан олсак, юрагимизни Худонинг каломи билан тўлдирсак, оғир вақтлардан ҳеч қийналмай ўтиб оламиз. Рўзғор ишларидан бўш вақт топган аёл вақтини Худо Каломини ёдлашга сарфласа, қийин дамларда улардан куч олади.
Илдиз дарахтни керакли озуқа билан таъминлашдан ташқари унга таянч вазифасини ҳам ўтайди. Бизнинг руҳий илдизларимиз ҳам бақувват бўлса, ҳар қандай тўфон ва кучли шамоллар бизни Худованддан узоқлаштира олмайди.
Атрофга қаранг, атроф биз ўрнак олишимиз мумкин бўлган ҳолатлар ва мўъжизаларга тўла. Улардан ўрнак олинг. Зарур пайтда ёрдам олиш учун эса бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг. Улар сизга керак пайтда далда бўлади.