2:57

Тайёр бўлиш

MP3

Ассалому алайкум. Она бўлиш жуда ёқимли ҳамда ширин, шу билан бирга машаққатли вазифа. Бу вазифа биз оналарнинг зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Ҳар қадамда фарзандларимизга ғамхўрлик қилишимиз, уларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатишимиз, соғлиғидан, ўқишларидан хабардор бўлишимиз керак бўлади.

Худованд биз аёлларга Ўзининг Каломи орқали жуда кўп маслаҳатларни беради. Масалан, Иккиламчи қонун китобида У бизга шундай дейди: «Мен буюрган сўзлар сенинг юрагингда бўлсин. Болалар уйда бўлганида ҳам, кўчада юрганида ҳам, ётганда ҳам, турганда ҳам шу сўзларни доимо уларга гапиргин.»

Мен ўзим бу сўзларнинг маъносини англаб етганимда, болаларимга Худонинг каломи ва донолигини ўргатиш менинг зиммамдаги вазифа эканлигини тушундим. Кейин эса бунга ўзим ҳали тайёр эмаслигимни ҳис қилдим. Агар болаларимга Худонинг каломини ўргатишга ўзим тайёр бўлмасам, уларга буни қандай ўргатаман. Шундай қилиб мен ҳар соатда, ҳар дамда Худонинг каломини болаларимга ўргатиш учун тайёр бўлишга қарор қилдим. Дунёга машҳур хушхабарчи Билли Греҳем ўз китобида инсонлар билан гаплашиш чоғида Хушхабарни бўлишишга имконият яратиш ҳақида ёзган эди. Унинг хизмати бошланиб, ўзи ҳам машҳур бўлаётган бир пайтда у ҳар бир ҳолатдан Худонинг хушхабарини айтиш учун фойдаланишга қарор қилган. У ҳатто телвидение учун интервю берганида ҳам бу имкониятни хушхабар айтиш учун энг қулай фурсат, деб билди. У ўз аёлига ёзган мактубида шундай деган эди: «Мен бизнесменлар билан зиёфатда иштирок этганимда ҳам хушҳабар айтишга қарор қилдим. Мен уларга ёқадиган бизнес янгиликлари ҳақида гапирмайман. Мен уларга хушхабар айтаман».

Агар она сифатида Худонинг кўнглига мос аёл бўлишни истасак, биз ҳам доимо Хушхабар айтишга қарор қилишимиз керак ва ҳар бир кичкина нарсани Худо ҳақидаги гапга айлантиришимиз керак. Биз болаларга Худо ҳақида гапирганимизда, бу нарса уларга қизиқиш уйғотмаса ҳам ёки улар бунга қўл силтасалар ҳам, биз бу ишимизни собитлик билан давом эттиришимиз керак. Бу жуда тўғри ва синалган гап. Масалан, Худованд биздаги бирор бир сифатни йўқотиш учун бир оятни қайта-қайта ўқиттиради. Ҳар сафар натижа чиқмайди. Шундай бўлса ҳам У бизга қўл силтамайди. Яна шу одатимизни йўқотиш учун ҳаракат қилади. Тасаввур қилинг, бир кун келиб, шу оят бизга таъсир қилади. Олдимизда нимадир очилгандай бўлади. Фарзандларимиз билан ҳам шундай. Агар уларга хушҳабар айтиш мақсадимиздан воз кечмай, буни доимо қилиб турсак, бир кун уларнинг ҳам юраги очилади.

Эътибор қилганмисиз, одамлар ўзлари учун муҳим бўлган нарсалар ҳақида гапиришади. Сиз билан биз учун муҳими бу Худо. Шунинг учун ҳам Худо ҳақида гапирганимизда Худонинг бизга қанчалик муҳимлигини айтаётган бўламиз. Худонинг амалий донолигини қуйидаги икки йўл билан ўргатиш мумкин:

Биз сўз ва гап орқали ўргатамиз.

Биз ўз яшаш тарзимиз билан ўргатамиз.

Бизнинг фарзандларимиз бизга қарайдилар ва ҳар доим уларга нимадир ўргатяпмиз. Ҳар ҳолда мен шундай деб умид қиламан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top