3:13

Салбий нарсадан узоқлашиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Агар бизнинг ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, жуда ажойиб ва меҳрга тўла илиқ бир маконни – уйни яратиш ҳақида суҳбатлашдик. Агар бу суҳбатни ўтказиб юборган бўлсангиз, ҳеч қиси йўқ. Бизнинг www.najot.com ҳамда dilkash@najot.com сайтларимизга ташриф буюриб, ўша ва бошқа суҳбатлардан боҳабар бўлишингиз мумкин. Қандай қилиб шундай ажойиб, ҳаммани ўзига оҳанграбодай тортадиган, ҳамма оила аъзолари ўзини эркин ва ҳотиржам ҳис қиладиган уй муҳитини яратиш мумкин? Бунинг учун аёл – оила бекаси ҳамма салбий нарсалардан узоқлашиши керак бўлади. Маталлар китоби 14 боб 1 оятда доно аёл ўз уйини ўзи мустаҳкамлайди, нодон аёл эса ўз уйини ўзи бузади дейилган. Аёл ўз уйини қандай бузиши мумкин? Мен ўз тажрибамдан бу саволга иккита жавоб беришим мумкин.

Аёл тийилмаган ғазаби орқали уйига катта зарар келтиради. Бу ғазаб туфайли эшиклар қарсиллаб ёпилади, нимадир синади, нимадир бузилади, нимадир отиб юборилади. Шу иш фақат нарсаларнигина эмас, одамни ҳам бузади, ўлдиради ва вайрон қилади. Бир эр уйидан безиб, хотинига унинг салбий сифатлари ёзилган хат қолдиради. Бу хатда эр хотинининг ўнта салбий сифатини санаб ўтган эди. Унда ёзилишича, эр қаерга бормасин, хотини буни билиши керак, шахсий буюмларини ўғирлайди, титкилайди. Шахсий қоғозларини қўшниларга кўрсатади, жахлини босолмайди, жеркиб гапиради, эр уйга меҳмон таклиф қилмоқчи бўлса норози бўлади ва ниҳоят ўз эрига маҳбусдек муносабатда бўлади. Бундай муносабатлардан безиб кетган эр уйдан бош олиб чиқиб кетади. Шубҳасиз аёлнинг бу салбий ҳислатлари уйни бузади.

Аёл қолоқ бўлиш, ҳаракатсизлик, ишёқмаслик туфайли оилага зарар келтиради. Ўзининг эринчоқлиги туфайли ўз уйининг пойдеворини секин-аста бузади. Беписандлик қилади, паришонхотир бўлади, бугунги ишни эртага қўяди ва уйда етарли вақтини ўтказмайди. Аксинча, баъзи нарсаларни ҳаддан ташқари кўп қилганда ҳам муаммо бўлади. Масалан, телевизорни кўп кўриш, кўп ўқиш, бўлар-бўлмасга бозорга боравериш, дўстлар билан кўп вақт ўтказиш, телефонда кўп гаплашиш, компютер олдида кўп ўтириш каби ишлар билан аёл ўз оиласини ўзи бузади.

Ҳар бир аёлнинг юрагида Худонинг кўнглига ва йўлига мос бўлиш нияти борлигини биламан. Ҳар бир аёл ўз уйини ҳақиқий севгига, илиқликка тўла бўлган уй қилишни истайди. Бундай уй муҳитини яратиш учун юракда хоҳиш бўлиши жуда муҳим қадам ҳисобланади. Бу ишни қилиш учун юракдан кучли хоҳиш ва танадан қаттиқ ҳаракат ва миядан донолик керак бўлади. Ахир керак пайтда керакли сўзларни топиб гапириш осон иш эмас-да. Агар донолигимиз камлик қилса, Худованд доимо ёрдамга тайёр. Чунки Каломда шундай ёзилган: «Агар сизлардан бирор кишининг ҳикмати камлик қилса, ҳаммага самимият билан, таъна қилмасдан берувчи Худодан сўрасин, Худо унга беради.» (Ëқуб 1:5). Эзгу ниятларингиз амалга ошишига тилакдошмиз. Худо ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top