2:59

Аптечка

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ҳаётда тартибли бўлиш, ҳар доим керак нарсани ўз жойидан топа олиш, ишимизни енгиллаштиради. Биз аёлларнинг кўп вақти ошхонада ўтади. Ўша жойда пишир-куйдир қиламиз, ўша жойда ўзимизга кутилмаган жароҳат етказамиз. Баъзан қўлимизни, куйдириб олсак, баъзан кесиб оламиз. Бу фақат биз билан бўладиган ҳодиса эмас. Оилада ҳар қандай одам эҳтиётсизлик туфайли ўзига бирор жароҳат етказиши мумкин. Айниқса болалар, улар қизиқувчан ва эҳтиётсиз бўлганлари учун ҳам тез-тез ўзларига жароҳат етказадилар. Биз оналар эса уларга тез ёрдам кўрсатишни билишимиз керак. Бугун суҳбатимиз тез ёрдам кўрсатишда бизларга нималар керак бўлиши ҳақида бўлади.

Ҳар бир меҳрибон ва тартибли уй бекасининг қўл остида дори қутиси бўлиши керак. Хўш дори қутингизда асосан нималар бўлиши лозим? Келинг дори қутиси ўз бағридан қандай дориларга жой ажратиш кераклиги ҳақида гаплашайлик. Авваломбор дори қутиси ҳар бир уйда бўлиши шарт. Бу қутича бизга оила аъзоларимиздан бирортаси жароҳат олганда жуда керак бўлади. Дори қутиси ичида биринчи ёрдам чоғида керак бўладиган нарсалар, бинт, йод ёки водород перекиси, тоза, стирилланган пахта. Яна ундан ташқари, илойим ҳеч керак бўлмасин-у, аммо ҳар эҳтимолга қарши резина жгут сақлаб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Биласиз, ошхонада бўлгач, куйишлар тез-тез бўлиб туради. Ҳали ўзимиз бирор бир пишириқ пишириш чоғида, ҳали фарзандларимиз эҳтиётсизликлари туфайли бирор жойларини куйдириб оладилар. Шунинг учун ҳам дори қутиси ичида куйганда ишлатадиган, мазлар ва спрейлар туриши керак. Тасодифий бош ёки тиш оғриқлари оила аъзоларимизни безовта қилиб қолганида ишлатиш учун турли оғриққа қарши дорилар ҳам дори қутингиз ичида доимий меҳмон бўлгани яхши. Бу дорилар, докторга чиққунингизга қадар сизга ёрдам беради. Биласизми, бизнинг оилада болаларнинг тиши аксига олиб якшанба кунлари оғрийди. Агар оғриққа қарши дорилар бўлмаганида душанбагача етиб олиш мушкул бўларди.

Агар сизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг бирорта сурункали ҳасталиги бўлса, ҳуружлар вақтида ёрдам берадиган дорилар сақлаб қўйишингиз керак бўлади. Тадбирли ва эҳтиёткор бека доимо шу нарсаларнинг тахт бўлишига эътибор беради. Юқорида санаб ўтганларимдан ташқари, тасодифий ҳушдан кетиш чоғларида керак бўладиган новшадил спиртини ҳам ҳар эҳтимолдан сақлаб қўйинг. Бу нарса доим ҳам керак бўлмайди-ю, аммо эҳтиёт шарт дори қутисида тургани яхши. Дори қутиси ичида туриши керак бўлган энг зарур дорилар бор. Улар иссиқ туширадиган ва тумов пайтида ёрдам берадиган дорилардир. Ундан ташқари иситмани ўлчайдиган термометр ҳам энг керакли нарса ҳисобланади. Иситма ва тумов пайтида ишлатиладиган дорилар чиндан ҳам бизга тез-тез керак бўлиб туради. Оилада бир киши ҳасталанса, иккинчи кишига юқмаслигини олдини олиш қийин. Шунинг учун ҳам бу дорилар дори қутида тургани яхши. Сизга керак бўлмаса, қўни-қўшнига керак бўлиши мумкин.

Дори қутини қаерда сақлаган маъқул. Ҳамма бир овоздан, болалар қўли етмайдиган жойда, деб жавоб бериши аниқ. Лекин энг қулай жой бу ошхона. Дори қутингизни ошхонада ўзингизга олишга қулай бўлган жойда сақланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top