2:50

Сепкиллар

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Баҳор келиши билан қизларнинг қишнинг совуқ ҳавосидан нозиклашиб қолган юз терисида куйиш каби ҳолатлар ва сепкил тошишлар кузатилади. Баъзи аёллар эса қишда хиралашиб қолган доғларининг баҳор қуёшида қорайиб, аниқ кўриниб қолишидан қўрқишади. Қизларимиз эса юзларидаги сепкиллардан ҳижолат бўлишади. Шуни инобатга олган ҳолда бугунги суҳбатимизни айнан сепкилли аёллар ва қизларга бағишладик.

Сепкил ўзи нима? Сепкил – теридаги сарғиш, қўнғир, қорамтир, шакли ҳар хил доғлар. Улар соғ терида пайдо бўлиб, кишини мутлақо безовта қилмайди. Сепкил 4-6 ёшдан тошишни бошлайди. Киши қаригач йўқолиб кетади ёки рангсизланиб қолади. Кўпинча оқ-сариқ, малларанг териларда пайдо бўлади. Сепкил доғлари асосан терининг очиқ яъни қуёш нури тушадиган ерларига – юз, бўйин, кўкракнинг юқори қисми ва қўлнинг ташқи томонида пайдо бўлади. Баҳор ва ёз фаслларида кўпайиб, куз ва қишда билинмайдиган бўлиб қолади. Майдалари эса йўқолиб ҳам кетади. Сепкил тошишига мойил кишилар ўзларини мумкин қадар қуёш нури таъсиридан сақлашлари лозим.

Сепкил кўп ҳолатларда генлар орқали онадан болага ўтади. Аслида, сепкил ёш ўтгани сари рангсизланиб, тери ранги билан бир хиллашиб қолади. Сарғиш рангли сепкиллар эрта рангсизланади. Лекин қорамтир, жигарранг сепкил умрнинг оҳиригача ҳам йўқолмаслиги мумкин. Шу сабабли баъзи қизларимизнинг айни баҳор ойида диллари хуфтон бўлади. Аммо сепкил пайдо бўлишидан сақланиш мумкин. Бунинг учун кўчага чиқишдан олдин баданнинг очиқ ерларига қуёш нуридан сақловчи кремдан суриб, устидан пушти ранг упа суртиш керак. Сепкил тоғларини рангсизлантириш учун кечқурун 1 стакан совуқ сувга бир нечта лимон бўлаги солиб, тиндириб қўйилади ва эрталаб юз лимонли сув билан артилади. Ëзда терига қатиқ, кефир, бодринг ёки қора смородина сувини суртиш тавсия этилади.

Ҳозирги кунда сотувда сепкилларни оқартирувчи кўпгина косметик воситаларни учратиш мумкин. Ундан фойда кўрганлар ҳам бир талай. Сепкилларни оқартирувчи табиий воситалардан маълум муддат мунтазам равишда фойдалансангиз, у ҳам яхшигина самара беришига амин бўласиз. Уй шароитида ҳам турли хил ниқобларни ўзингиз тайёрлаб, сепкилларга қарши малҳам сифатида ишлатишингиз мумкин. Бунинг учун сабзи шарбатига бир неча томчи лимон шарбатидан қўшсангиз, сепкилларингизга қарши самарали малҳам тайёр бўлади.

Сепкил тошишига мойил қизлар аёллар баҳор ва ёзда четлари кенг шляпа, қўлга ёзги қўлқоб кийиб ёки соябон тутиб юришлари керак. Тавсияларни эрта баҳордан бошлаб, ёз бўйи бажаришингиз лозим. Сепкил доғларни бутунлай йўқотиш истаги туғилса, албатта шифокорга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top