Ассалому алайкум қадрли уй бекалари. Бугунги суҳбатимиз айнан сиз уй бекалари ҳақида. Уй бекаси бўлиш кўпгина уй бекаларини ҳурсанд қилмайди, бироқ ўйлаб кўрсангиз, уй бекаси деган тушунча кимдадир ҳурмат ҳиссини уйғотади, кимдир уйда ўтирадиган аёлларни менсимайди, яна кимнингдир қандай қилиб кун бўйи уйда ўтириш мумкинлигига ақли етмайди. Лекин ҳаммамизнинг ҳам маълум вақтга бўлса-да, уйда ўтиришимизга тўғри келади. Нега дейсизми? Декрет, янги иш излаш, таътил дегандек. Хуллас сабаблар кўп. Шунинг учун келинг, бир саволга жавоб излаб кўрайлик: уй бекаси бўлиш уятми ёки обрўми, эскидан қолган одатми, зерикарлими ёки…?
Баъзида концертга борган аёллар қўшиқчи аёлнинг саҳнадаги ижросидан завқланиб, «бу артистга қанчалар маза!» деб ўйлашлари мумкин. Бироқ мана шу қўшиқчи аёлнинг саҳна ортидаги ҳаёти, ҳар кунлик машқлари, асбоби ёнидан соатлаб жилмай ўтириши зерикарли туюлмаяптими сизга? Кўпчилик аёллар «уй бекаси бўлганим учун зерикаяпман», — дейишади. Ишлайдиганлар-чи? Сизнингча улар зерикмайдими? Улар ҳам бир ҳил ҳаёт тарзидан зерикишади. Уйдан ишга-ишдан уйга, ҳам ишни ҳам болаларни ҳам рўзғорни эплаши кераклиги, баъзан уларни ҳолдан тойдиради. Эплай олмаса, оиладаги жанжаллардан қочиб қутула олмайди. Шунинг учун ҳам ишли аёлларга кўп ҳам ҳавас қилмаслик керак. Уй бекалари ишли аёлларга, ишли аёллар эса уй бекаларига ҳавас қилишади. Ўйланиб қоласан киши: бу қарама қаршилик табиат қонуними ё одамзод шунчалик ношукурми? Эҳтимол ишлайдиганларга нисбатан уй бекаларининг «иши» бироз зерикарли туюлар, бироқ ҳамма гап қай бири муҳимлигида. Аёл эса албатта оилани танлайди. Болалари бўла туриб, ҳаётнинг зерикарлилигидан нолиш ақлли аёлнинг иши эмас. Фарзандлар тезда улғайиб қолишади. Уларнинг ширин гўдаклик онларини ортқа қайтара олмаймиз. Шунинг учун ҳам уйда ўтириш, уй бекаси бўлиб, фарзандларга ва рўзғорга қараш абадий «иш» эмаслигини ёдда тутинг.
Мабодо уй бекалари уйда ўтириб ўзларини кераксиз, деб ҳис қилаётган бўлсалар, бу борада адашадилар. Уйда ўтириб, рўзғорни обод қилиб, уйни саранжом-саришта қилиб ўтириш, фарзандларга керак бўлганида доимо ёнида бўлиш, уларни жамиятга керакли оқил инсонлар қилиб тарбиялашни ҳеч нима билан солиштириб бўлмайди. Агар мақсадингизга жиддий қарасангиз, бу иш билан сиз жамиятга ва оилангизга нақадар керакли эканлигингизни ҳис қиласиз. Кунингизни ва уй бекалик ишингизни ранг-баранг қилиш ўз қўлингизда. Уйда ўтирган вақтингиздан ҳам унумли фойдаланинг. Илгари фурсат тополмаган ишларингизни энди амалга оширинг. Янги билимлар ўрганишга, масалан, тил, кулинария, косметология, тикиш-бичиш кабиларни ўрганиш курсалига қатнанг. У ерда ўзингизга ўхшаган аёллар билан танишасиз. Ташқи кўринишингизга ҳам беэътибор бўлманг. Фақат бирор жойга кетиш олдидан ўзингизга оро бермай, ўзингиз учун ҳам гўзал бўлишингиз кераклигини унутманг!
Азиз уй бекалари ўзингиз, болалар тарбияси ва ҳаёт ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз сизга олам-олам маълумотларни тақдим этади. Марҳамат қилинг.