2:41

Буюк ишлар

MP3

«Сизлар кўп ҳосил берсангиз, Отам улуғланади, сизлар эса Менинг шогирдларим бўласизлар» (Юҳ 15:8).

Ассалому алайкум. Сиз дунёда инсон зоти яратган буюк ишларни кўрганмисиз? Инсон ўзига ном қолдириш учун катта ва буюк иморатлар, чиройли боғлар яратишни истайди. Бу инсон табиатига ҳос нарса. У тезроқ бирор бир буюк иш қилса-ю, одамлар уни мақтовларга кўмиб ташласа, унинг ортидан эргашса, кўкларга кўтарса. Биз аёллар ҳам бундай истакдан бебаҳра эмасмиз. Биз ҳам бирор бир кўпчиликнинг кўзига кўринадиган, ҳамма тан оладиган буюк иш қилишни истаймиз. Аёл бўлсак нима бўпти?! Эркаклар қила олган иш аёлнинг ҳам қўлидан келади, деб ўйлаймиз. Бу истак бизнинг руҳий ҳаётимизга ҳам тегишли. Довуд ҳақида ёзилганларини ўқиб, биз ҳам Довуддай бўлишни орзу қиламиз. Довуд каби Худога манзур бўлган аёл бўлишни истаймиз. Худони улуғлаган зотларга ҳавас қилиб, Худони улуғлашни хоҳлаймиз. Ичимизда нимадир бизни шоширади. Қадамба-қадам олдинга юриш ўрнига, сакраб-сакраб тезроқ ўзимиз истаган нарсага эришишни истаймиз. Шу истак билан биз ё шошилиб, бир вақтда кўп ишлар қилиб олдинга интиламиз ёки Худога бирор бир буюк иш қилиш учун унчалик лойиқ эмасмиз, деб ўйлаб ҳеч нарса қилмаймиз.

Агар сиз ҳам ўзингизни юқоридагидек ҳис қилсангиз, Довуднинг Худога қандай ваъда берганини эсланг: «Мен наслдан-наслга Сенинг номингни мақтайман. Халқлар эса илалабад Сенга шукроналар айтгай» (Заб 44:18). Худованд кўпчиликни Ўз хизматига чорлайди, аммо уларга турли ишларни топширади. Худованд Довуд пайғамбарни ҳикоялари ва қўшиқлари Эгамизни улуғлаб, Унинг номини халқларга эълон қилиш учун танлаган. Сиз балки у қилган ишларни қила олмассиз, аммо фақат бир авлодга У ҳақида гапириб беришингиз мумкин. Бу авлод – сизнинг фарзандларингиз. Муқаддас Каломда биз қилишимиз мумкин бўлган иш ёзилган: «Фақат эҳтиёт бўлинг, кўзларингиз кўрганини ёдингиздан кўтарилмасин, қалбларингиз унутмасин. Буларни фарзандларингизга айтиб беринг, фарзандларингиз эса ўз навбатида фарзандларига ўргатсин».

Худованд биз ўйламаган ишлар орқали ҳам улуғланиши мумкин. Биз Худони улуғлаш учун етимларнинг бошини силашимиз, радио орқали инсонларни нажотга чорлашимиз шарт эмас. Биз оддий бир нарса билан ҳам Уни улуғлашимиз мумкин. Ҳаворий Бутрус бу ҳақида шундай деганди: «Сиз Масиҳни кўрмаган бўлсангиз ҳам, Унга муҳаббат боғлаяпсизлар. Ҳозир Масиҳни кўрмаган ҳолда Унга ишоняпсизлар ва сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада улуғ бир шодлик билан тўлиб тошмоқдасизлар. Чунки имонингиз натижаси ўлароқ жонларингиз учун нажот топмоқдасизлар» (1 Бут 1:8-9).

Шунчаки Масиҳга ишониш, нажотга эришганингиз учун шод ҳуррам бўлиш билан ҳам Худони улуғлаш мумкин экан. Худованд бизга берганларини кўриб, Унга ҳамду-сано айтиш ҳам Худони улуғлашдир. Худованд бизга яхши нарсаларни бериб, бизни улуғлайди. Шу нарсаларни кўра олиш ва иқрор бўлиш Худовандга шу улуғворликни қайтариб бериш демакдир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top