3:04

Мақтаниш

MP3

Ассалому алайкум зукко опа-сингиллар. Бизни аёл – заифа деб билсалар-да, бугунги кунда ҳар соҳада эркаклардан қолишаётганимиз йўқ. Нафақат бугун, қадимда ҳам аёл саркардалар, қироличалар, жангларни ва мамлакатни бошқаришда эркаклардан қолишмаган. Бугун эса аёл ўз қобилиятини, нимага қодирлигини кўрсатишга кўпроқ имконият бор. Аёл киши ҳар соҳада ўзини кўрсата олиши мумкин. Бундан биз аёллар фақат қувонамиз. Бизни ожиза деганларга кўрсатиб қўйгимиз келади. Ҳар бир аёлнинг ўзига яраша қобилияти бор. Кимдир ҳикоялар тўқиб, китоб чиқаришга, кимдир гўзал расмлар солишга, яна кимдир ролга киришга, бошқаси эса аниқ фанларга қобилиятли. Бу қобилиятларни тўхтамай санашда давом этишимиз мумкин. Агар қўлингиздан келадиган ишни мукаммал бажарсангиз, бундан ўзингиз ҳам атрофдагилар ҳам мамнун бўлади.

Энг аввало Худо хурсанд бўлади. Худо берган қобилиятни Унинг кўнглидагидай ишлата олсак, У бизнинг ишимиздан мамнун бўлади. Худога яқин бўлган аёл, шундай пайтда Худонинг мамнунлигини ҳис қила билади. Аёл зоти ишонувчан, васвасаларга берилувчан бўлади. Душманимиз шайтоннинг алдовларига осонгина ишониб қоламиз. Масалан у: «Сен гўзалсан. Бошқалардан кўра гўзалроқсан» — деганида ишониб, ўзимизни бошқалардан устун қўя бошлаймиз. Чиндан ҳам гўзалмиз, аммо бу гўзалликнинг манбаини кўрмаслигимиз учун душманимиз кўзларимизни кўр қилиб қўяди. Чиндан ҳам бизни гўзал ҳисоблашларини истаймиз. Бироқ Худованд учун ташқи гўзаллик эмас, ички гўзаллик муҳимроқ эканини англамаймиз.

Нима қилсак ҳам аёл кишимиз-да, ташқи гўзалликка кўпроқ эътибор қаратамиз. Ўзимизнинг камчиликларимизни тан олган ҳолда, афзалликларимизга эътиборимизни қаратамиз. Бизга камчилигимизни кўришдан кўра, афзалликларимизни кўриш ёқимлироқ. Масалан кимнингдир бўксаси кенгроқ, кимнингдир оёқлари чиройли эмас, юзи юмалоқ. Аммо шу камчиликлардан сўнг, биз ўзимизнинг бошқалардан устун бўлган ҳолатимизни санаймиз. «Менинг сочларим чиройли» «Менинг бурним хушбичим» «Менинг белим ингичка» «Меникидақа қора қош-кўзлар ҳеч кимда йўқ». Хуллас ўзимиздаги ёқимли ва афзал томонларни бошқаларники билан солиштирамиз. Мендаги бу гўзаллик бошқа аёлда йўқ, — дея ўзимизни мақтаймиз. Шу мақташ асносида, аслида бу гўзалликни яратган Зотни эслаш ҳаёлимизга ҳам келмайди.

Чиндан ҳам бу гўзал ҳилқатни ким яратди? Уни шундай нозик, гўзал ва ақлли қилиб ким яратди? Яратувчимиз эмасми? Кимдир бизни мақтаганида ўша мақтов ва олқишларни ўзимизга олиб қолиш инсоний одатларимиздан бири. Шундай пайтда бошқалардан келаётган мақтовни Худога бериш ҳаёлимизга ҳам келмайди. Биз гўзалликка, доно бўлишга, турли қобилиятларга эга бўлишга лойиқ эмасдик, буни бизга Худо берди. Энди олқишлар ҳам Уники бўлиши керак. Аёл киши уни мақташларини ёқтиради. Шу васваса қарши туриш қийинроқ. Атрофдан ўзимизга қаратилган мақтовларни Худога бериш қийин, аммо имконсиз эмас. Кимдир сизни «Жуда мафтункорсиз» , — деса. «Бу Худонинг марҳамати», — деб жавоб қайтаринг. «Қандай омадлисиз-а, жуда билимдонсиз» , — дейишганида, «Буларнинг бари Худонинг иши» — деб айтинг. Хуллас улар сизда мақтанишга арзигулик нимани топишса, ҳамма улуғворликни Худога узатинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top