2:42

Ташвишлар ва Худонинг улуғворлиги

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Ташвишларга, югур-югурларга тўла ҳаётимизга баъзан шундай ўралашиб қоламиз-ки, бир пайтлар Худо билан ўтказган вақтларимизни соғина бошлаймиз. Фарзанди бўлмаган, турмушга чиқмаган, фақат ўзи ва Худо учун яшайдиган аёлларга қандай яхши, деб ўйлаймиз. Биз ҳам баъзан нарсаларимизни тахлаб, ўз вазифаларимиз ва жавобгарликларимизни қолдириб, бирор бир монастирга кетишни хоҳлаб қоламиз. Агар шундай бўлганида, Худога вақт ажратиш, У билан кўпроқ ва сифатлироқ вақт ажратишимиз мумкин бўларди, ҳеч ким ва ҳеч нарса бизни чалғитмасди, деб ўйлаймиз. Шунда Худога маъқул келадиган ишлар билан машғул бўлардик, бундан бошқа мақсадимиз ҳам бўлмасди, деган фикрлар миямиздан ўтади.

Афсуски, Худованд бизни пана-пасқам жойларда яшайдиган, ҳаммадан узоқлашган дарвешлар бўлишимизни истамайди. Бизлар бир-биримизга ҳамдард бўлиш учун, бир-биримизга ёрдам бериш учун яратилганмиз. Ҳаётимиз туккан меваларига яъни самараларига қараб баҳоланади. Биз кўпчилик олдида ўзимизни қандай тутамиз, қандай ишлар қиламиз, бошқаларга бўлган фикримиз, муносабатимиз қандай?! Биз бу ҳаётда яшашимиз учун Муқаддас Руҳнинг инъомларига муҳтожмиз. Ундан ташқари бизнинг бир-биримизга бўлган меҳримиз, муҳаббатимиз бизни бу дунёдагилардан бошқача эканлигимизни кўрсатади. Исо Масиҳ бу ҳақида шундай деган эди: «Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.» (Юҳ 13:35).

Худони улуғлашимиз, Унга етарлича вақт ажратишимиз учун барча вазифаларимиздан, мажбуриятларимиздан кечиб, дарвешлик ҳаётини танлашимиз шарт эмас. Худони ҳаётимиз орқали улуғлашга йўллар жуда кўп. Бу ҳақида ҳаворий Павлус шундай дейди: «Иброҳим…Худонинг ваъдасидан имонсизлик қилиб шубҳаланмади, балки Худога ҳамд-сано айтиб, имонда маҳкам турди» (Рим 4:20). Сиз ҳам ҳаётда учрайдиган ҳар қандай муаммоларни, қийинчиликларни Худога бўлган ишонч билан кутиб олинг, охиригача Унга бўлган имонингиз, умидингиз сўнмасин. Шу орқали сиз Худонинг садоқатли эканини кўрасиз ва бошқаларга ҳам кўрсата оласиз. Албатта кунда-кунора фарзандларимизнинг ташвиши бизни безовта қилиб туради.

Ҳали униси касал бўлади, ҳали буниси номаъқул қилиқлар чиқаради. Уларга эътибор бериш керак, тарбиялаш керак, кийим кечакларини ювиб, дазмоллаб, тикиб, ямаб янгидай қилиб бериш керак. Хуллас, аёл киши бошига келадиган ташвишлар тугамайди. Ҳали ўзининг, ҳали турмуш ўртоғининг, ҳали болаларининг ташвиши аёлни бир лаҳза бўлсин тинч қўймайди. Аммо нима ҳам қилардик, Худо бизни уларга керак бўлганимиз учун яратган. Энди бу вазифа ва жавобгарликдан бўйин товлай олмаймиз. Аксинча, мана шу жавобгарлик ва вазифани хурсандчилик билан қабул қилиб, Худонинг иродасига бўйсуниб, шу ташвишларнинг ҳаммасини Худонинг кучи ва марҳамати билан енгишга ишонсак, биз ҳам Иброҳим пайғамбарнинг фарзандлари бўламиз. Шу орқали Худо ҳаётимизда улуғланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top