Ассалому алайкум. Биз аёллар нафақат ўзимизнинг балки оила аъзоларимизнинг саломатлиги учун ҳам жавобгармиз. Ҳар бир аёл ҳаёти давомида энг яхши она, энг яхши рафиқа, энг яхши келин ва энг яхши уй бекаси бўлишни орзу қилади. Бундай аёл бўлиш учун эса аёл тадбирли, доно, оилада асқотадиган билимлар эгаси, ҳунарли бўлиши керак. Агар оила аъзоларидан бири касал бўлиб қолса, биринчи ёрдамни кўрсатадиган ҳам она бўлиши лозим. Болаларнинг ёки турмуш ўртоқнинг кийимларини тикиб берадиган, ўзига ярашадиган қилиб, тўғрилаб берадиган тикувчи ҳам уй бекаси бўлсин. Агар бундай билимларнинг ҳаммасига тўлиқ эга бўлсангиз, оила аъзоларингизни қандай ҳимоя қилишни яхши биласиз. Бугунги суҳбатимиз учун сизнинг билимингизни бойитадиган бир мавзуни танладик. Бу инсон танасининг асосий қисми бўлган бош мия ва эндокрин безлар озуқаси ҳақида.
Бизнинг организмимиздаги соғлом хужайралар икки нарса – машқ ва озуқа асосига қурилган. Бош мия ҳужайраларининг қайта тузилиши учун ҳам тўғри овқатланишимиз керак. Бунинг учун бош миямизга қандай «қурилиш материаллари» зарур? Миянинг яхши ишлаши учун керакли миқдорда тўйинмаган ёғ кислоталари керак. Уларнинг асосий манбаи зиғир, кунгабоқар, зайтун ёғи, шунингдек ундирилган майса ёғи ҳисобланади. Минерал моддалардан мияга фосфор, олтингугурт, мис, руҳ, кальций, темир ва магний зарур. Фосфор ва унинг бирикмалари мия ҳужайраларининг пайдо бўлишида асқотади. Фосфорнинг манбаи – ловия, гулкарам, сельдерей, бодринг, салат-сутчўп, нўхат, редиска, соя, ёнғоқ, ундирилган ва бутун буғдой дони, пишлоқ, тухум сариғи, балиқ, гўшт, қўзиқорин.
Олтингугурт эса мия хужайраларини кислород билан таъминлаш учун зарур. Бодом, карам, сабзи, бодринг, саримсоқ, анжир, ертут, пиёз, картошка, редиска, тухум сариғи олтингугутга бой. Рух эса буғдой кепагида, ундирилган буғдойда кўп учрайди. Олма, ўрик, лавлаги, маймунжон, карам сабзи, гилос, бодринг, узум, яшил сабзавотлар, асал, бодом, пиёз, апельсин, шафтоли, ананас, қулупнай, пишлоқ, тухум, сут, қаймоқ кальцийнинг манбаи ҳисобланади. Темир, руҳ, олтингугурт, фосфор, кальций, магнийлардан ташқари мия бир қатор витаминларга эҳтиёж сезади: витамин Е ва Б гуруҳидаги витаминлар. Витамин Е кичик мия фаолиятини тартибга солиб, кислородни тежашга ёрдам беради. Витамин Е дан кўпроқ истеъмол қилишни истасангиз, кундалик таомномангизда кунгабоқар ёғи, салат барги, ундирилган буғдой, йирик ёрмалардан тайёрланган бўтқа, жигар, тухум сариғи бўлиши лозим.
Мияга кўп миқдорда кислород зарур. Картошка, петрушка, ялпиз, ерқалампир, редиска, пиёз, помидор каби маҳсулотлар миянинг кислородга тўйинишига ёрдам беради. Мия фаолияти ҳамда нерв тизимининг ҳолати эндокрин безлар ёки ички секреция безлари фаолиятига боғлиқ. Бунга қалқонсимон, ошқозон ости бези, буқоқ, буйрак усти ва жинсий безлар киради. Ушбу безлар бутун организм ишини тартибга солади. Улар ажратган гормонлар қон ёки лимфага тушиб, бутун организмга тарқалади. Мазкур безлар оқсил, ёғ, углевод ва сув туз алмашинуви учун зарур. Азиз опа-сингиллар бугунги суҳбатимиз сизга маъқул бўлди деган умиддамиз.