3:12

Дадамга айтиб бераман

MP3

Ассалому алайкум. Деразадан боқиб, фарзандингизнинг қий-чув қилиб ўйнаётган болалардан яккаланиб турганини кўрасиз. Ўзингиз гаплашиб қўйганингиз кор қилмаса, болажонингиз ўз муаммосини ўзи ҳал қила олмаётган бўлса, бугунги суҳбатимиз айнан сиз учун азиз онажонлар. Ҳали ҳам болангиз кўчадан: «Ойи, анави Жамшид сен билан ўйнамайман деди», «Жамшид коптокни олиб қўйди», деб арз қилиб келадими. Болангизни чақимчига чиқариб ё шикоятини эшитиб, эшитмасликка олмаслик билан муаммони ҳал қила олмайсиз. Бундай пайтларда бир нарсани тушунишингиз керак. Фарзандингиз асло чақимчилик қилаётгани йўқ. Шунчаки бундай вазиятларда ўзини қандай тутишни билмайди, ҳолос.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, уч ёшдан бошлаб болада шахсини шакллантириш, ўзини ташқаридан яққол кузатиш ва жамиятда ўз «мен»ини ўрнатиш жараёни бошланади. Кузатган бўлсангиз шу ёшдаги болалар ўзига тегишли буюмлар тугул уйда кимдир бошқа одамнинг нарсасидан фойдаланаётганини кўрса ҳам, албатта норозилик билдиради. Бориб, ўзи ишонган одамга нотўғри иш бўлганини айтади. Баъзан атрофдан қараганда бу қизғанчиқликдай туюлса-да, аслида табиий жараён ҳисобланади. Ахир ўзингиз кечагина «ҳамма ўз сочиғига артиниши керак», дегандингиз. Бугун овсинингизнинг боласи билан ўйинчоқ талашиб қолганида, боплаб уришиб бердингиз: «Нима, бирга ўйнасанг, бирор жойинг камайиб қоладими?» Болангиз ҳайратда!

Чақимчилик одатда 3-7 ёшли болалар ўртасида учрайди. Гап ташиш отади болага ота-она томонидан ортиқча эркалаш ёки эътиборнинг камлиги туфайли келиб чиқади. Чақимчи болалар кўпинча ўзига ишонмайдиган, журъатсиз бўлишади. Фақатгина ғамхўрлик ва мулойимлик билан бирга меъёрда талабчанлик бўлса, бундай болалар ҳам ўз кучи, имкониятларига ишона бошлашади. Агар чақимчилик давом этаверса, болага вазиятни сабаб ва оқибат алоқалари орқали бирма-бир тушунтириш керак.

Болангиз кимнингдир жазоланишини назарда тутиб бирор маълумот бераётган бўлса, бу сиз учун жиддий «сигнал». Демак, у эмас, сиз ва оила аъзоларингиз унга номуносиб муомалада бўлгансизлар. Яхшилаб ўйлаб кўринг.

Болангиз билан самимий суҳбат қуринг, бирга ўйнанг ва ҳикояларини муҳокама қилинг. Улар ёрдамида болага ўзини тутишнинг турли йўл ва усулларини ўргатасиз. Унинг чақимчилик қилишдан мақсади нима эканини аниқланг. Ўзингиз тарбияда йўл қўйган хато ва камчиликларни таҳлил қилинг. Шубҳа йўқки, фарзандингизни эришган ютуқлари ва тўғри ҳатти-ҳаракатлари учун мақтайсиз ҳали.

Болалигингизни бир марта эсланг. Боғчада ҳам, мактабда ҳам боғча опа ва ўқитувчининг «ўнг қўли» бўларди. У ким тўпалон, қилса пешин пайти ухламаса, тарбиячиларга буни етказиб турган. Ўзингиз ҳам шунақа бўлмаганмисиз? Агар болангиз ҳам шу тоифадан бўлса, ҳақиқатгўй фарзанд тарбиялабсиз. У бировнинг қилмишларини билиб, билмасликка ололмайди, ёлғон гапиролмайди.

Азизлар болалар тарбиясига оид мавзулар сизни қизиқтирса, бизнинг www.najon.com сайтимизга мурожаат қилинг. Ўз фикрларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз, dilkash@najot.com электрон манзилимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top