3:18

Эримни қандай оздирай?

MP3

Ассалому алайкум. Ортиқча вазн фақат аёлларнинг бош оғриғи эмас. Биз-ку озишга ахд қилсак, қай йўл билан бўлса-да бунинг уддасидан чиқамиз. Лекин эркаклар учун бу осон иш эмас. Паҳлавон жуфтингизнинг жонига озгина оро кираман десангиз, қуйидаги суҳбатимиз орқали эркакларни оздиришга оид барча тавсияларни билиб оласиз.

Хўш эрингизнинг семирганини қандай аниқласангиз бўлади? Бу ҳеч ҳам қийин эмас. Биринчи ўринда унинг ташқи кўринишининг ўзи ҳам буни кўрсатиб туради. Бироқ агар эрингизнинг бўйи 178-185см атрофида бўлса-ю, бел айланаси 102 см дан ошса, демак бел соҳасига ортиқча ёғлар тўпланибди. Тана тузилиши нормал эркакнинг бўйи ва вазнидан қатъий назар, қорни олдинга туртиб чиқиб қолган, бел айланаси эса 94 см.дан ошса, огоҳ бўлинг. Бу соғлиққа энг ёмон таъсир қилувчи юрак ишемик касаллиги, инфаркт ва инсульт хасталикларига чалиниш хавфини туғдиради.

Хўш, эркак киши нима сабабдан семиради? Бунга саломатлигидаги муаммолар, ёғли гўшт, колбаса, дудлама, нон ва ширинликларга ўчлиги, спиртли ичимликлар борасида ўзларини хафа қилмаганлари ва камҳаракатлилик, кўп ўтириш сабаб бўлади. Аёллар озиш мақсадида турли пархезларга амал қилиши мумкин. Эркаклар эса бақалоқлигидан фақат жисмоний машғулотлар орқали қутулиши мумкин. Сабаби эркак кишининг мушаклари доимий ҳаракатни талаб қилади. Шу боис сизнинг асосий вазифангиз эрингизни қимирлатишга ўргатишдир.

Ўзингизча эрингизни пархез туттиришга ҳаракат қилманг. Овқатланиш тартиби ўзгариши натижасида эркак баджаҳл, заҳарханда одамга айланади. Агар унинг ўзи буни хоҳласа, яхшиси протеинли, паст углеводли пархез турини танланг.

Бундай пархез турларини махсус китоблардан ёки интернет тармоғи орқали топишингиз мумкин. Жуфтингизга ҳар куни уч маҳал овқат ва ора-орада икки марта чой беришни одат қилинг. Охиргиси уйқуга кетишдан 2-3 соат олдин бўлиши шарт. Табиий ва янги маҳсулотлардан семиртирмайдиган егулик пиширишга ўтинг. Пастроқ калорияли десертлар тайёрланг. Турмуш ўртоғингиз ишда оч қолмаслигини назорат қилинг. Кетишида бирор егулик бериб юборасизми ёки пешин пайти қўнғироқ қилиб, овқатланганини сўраб турасизми, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Шунда у кўчадан бўридек оч қолиб келмайди. Натижада семирмайди. Яримфабрикат ва фастфудларни ҳам чекланг. Иложи бўлса уйда ҳам бундай таомларни тайёрламанг.

Энг муҳими жуфтингизни ҳеч қачон озишга мажбурламанг. Семизликнинг зарарлари ҳақида ўқиганларингизни йўл-йўлакай айтиб ўтинг. Лекин таъсири шунақа бўлсинки, эрингиз маълумотни қаердан топганингиз билан қизиқсин. Спорт ва болалар тарбияси билан шуғулланишга жалб қилинг. Болалари билан кўпроқ ўйнаса, улар билан бирга ҳаракат қилади. Бу эса танасидаги ортиқча ёғларни камайтиради. Қуйидаги маълумотларни яхшилаб ўзлаштириб олиб, эрингизга вақти-вақти билан билдириб туринг: ортиқча вазн соҳибларида қандли диабет касаллигига чалиниш эҳтимоли бошқаларга нисбатан 6 марта кўп; 4 марта кўпроқ инсульт ва инфарктга йўлиқиши мумкин; озғинлардан кўра 2 баравар кўпроқ бепуштликка олиб келиш мумкин; 5 марта кўпроқ ўпка-бронх хасталикларини орттирадилар. Бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга оила, фарзандлар ва ҳаёт борасидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top