Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ëз кўп жиҳатлари билан ёқимли. Мева-чевалар, турли хил витаминга бой сабзавотлар кишига завқ бағишлайди. Сув ҳавзалари болакайларга тўла бўлади. Кўпчилик меҳнат таътилига чиқади. Бироқ ёзнинг жазирамаси аёлларга бир қанча ноқулайликлар туғдиради. Улардан бири танадан чиқадиган тер ҳидлари. Аёл киши ўзидан тер ҳиди анқиб туришини ёқтирмайди. Шунинг учун ҳам кунда, кунора душ қабул қилишни унутмайди. Бироқ тана тоза бўлса-да, тер ажралиши давом этади. Шунинг учун ҳам ҳар бир аёл бу ёқимсиз ҳиднинг олдини олиш учун қўлланиладиган дезодорант ва антиперспирантларнинг фойдасини билишлари керак деган фикрдамиз. Шу фикрга асосланган ҳолда бугунги суҳбатимизни айнан уларнинг фойдаси ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Қадим-қадимдан эркаклар ва аёллар олма бўлаги, лимон шарбати, бўр, гел ёки лавр япроғи, эман пўстлоғи, сода ва ҳатто чумоли кислотаси ёрдамида тер ҳиди билан курашиб келишган. 19 асрга келиб эса АҚШда биринчи дезодорантларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Дезодорантлар – кўпчилик аёллар турли фирмаларда, машҳур ном остида ишлаб чиқарилганини маъқул кўради. Дезодорантлар тер ажралишига таъсир қилмайди, терининг бадбўй ҳидини йўқотади. Дезодорантлар таркибида триклозан ёки фарнезол моддаси бўлиб, триклозан тери устидаги бактерияларни ўлдиради, эфир мойларининг синтези натижасида олинган фарнезол эса табиий микрофлорани авайлайди. Атирли дезодорантлар таркибида бактерицидли ва антиперспирант моддалар деярли йўқ. Аксарият ҳолда таркиби фақат атир ва спиртдан иборат.
Дезодарант билан бирга атир ҳам ишлатсангиз, улар бир тўпламдан бўлиши лозим, яъни уларнинг ҳиди бир ҳил бўлиши керак. Турли ҳидлар тўплами атрофингиздаги одамларни сиздан «чўчитади» ва ундан ташқари, бактериялар ўсишини қўзғатиб юбориши мумкин. Антиперспирантлар – жуда кўп аёллар ёз ойларида антиперспирантлар ишлатишни маъқул кўради. Уларнинг дезодорантлардан қандай фарқи бор? Улар тер ажралишини камайтиради, шарикли ёки қаттиқ бўлади. Унинг таркибига кирувчи алюминий тузлари ва цинк тер ажратувчи безлар йўлини қисман ёпади, натижада тер ажралиши икки баробар камаяди. Бадбўй ҳиднинг асосий сабаби бактериялар бўлиб, улар намлик (тер) бўлмаган муҳитда ривожланади.
Антиперспирант дезодорантлар ҳам тер ажралишини камайтиради ҳам ҳидни йўқотади. Таркибига антиперспирант компоненти, бактериостатик ва атир тўпламини йиққан. У енгил атир ҳидига эга. Дезодорант ишлатиб ҳам тер ҳидидан қутула олмасангиз, бу бир қанча касалликларнинг аломати бўлиши мумкин. Ички безлар фаолиятининг бузилиши натижасида тер ажралиши кўпаяди. Қалқонсимон без касалликлари билан оғриган кишиларнинг кайфиятлари ўзгарувчан бўлиб, йиғлоқилик, уйқусизлик, юқори иштаҳа ва шу билан бирга озғинликдан қийналадилар. Ëки, аксинча, ланжлик, кўп ухлаш, тез чарчаш ҳам кузатилиши мумкин. Кўп терлаш билан биргаликда киши тез-тез чанқаш, оч қолишдан ҳам шикоят қилса, қондаги шакар миқдорини текширувдан ўтказиш лозим. Азиз тингловчи, ҳаёт учун зарур ва фойдали маълумотлардан боҳабар бўлиш учун бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.