Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Суҳбатимиз бошида сизга бир савол бермоқчиман. Кишининг мустақил бўлгани яхшими ёки кимгадир боғлиқ бўлганими? Албатта мустақил бўлгани, деб жавоб берасиз. Мен ҳам саволга қисман шундай деб жавоб берган бўлардим. Ҳаётда инсон ўз маъсулиятини сезиши, ўзига топширилган вазифаларини ўзи мустақил бажариши керак. Аммо руҳий ҳаётимизда мустақил бўлиш, фақат ўз кучига ишониш кишига нохушликлар келтиради. Қадимги Аҳд китобидан Еремия пайғамбар ҳақида эшитгандирсиз? Уни «йиғлоқи» пайғамбар деб ҳам номлашади. Сабаби, у халқи учун тез-тез Худога йиғлаб ибодат қилган. Ана ўша пайғамбар орқали Худованд Ўз ҳалқига муҳим, ҳаётимиз учун зарур бўлган Каломини етказган.
Еремия пайғамбар орқали Худованд шундай дейди: «Худованд шундай дейди: «Инсонга ишонган, тана кучига ишонган ва юраги Худодан узоқлашган киши лаънатидир. У худди қурғоқчиликда қолган дарахт кабидир, у гуллаб-яшнамайди. У саҳронинг тақир ва шўр ерларидан қўним топади» (Еремия 17:5-6).
Дунёвий яшаш тизимига кўра яшган, фақатгина инсонга ишонган кишининг ҳоли вой. Бундай одам Худо назарида жирканчли кўринади. Бундай одамни Муқаддас Калом ташқи томондан муваффақиятга эришган, фақат ташқи томондангина ғолиб кўринади, аслида у Худодан узоқлашган аянчли кишидир, деб айтади. Ўз ўзига ҳаддан ташқари ишонган, Худонинг ёрдамига муҳтож эмасман, дея фикр қиладиган одамнинг тақдири нима бўлади?
Ўз-ўзига ишонган ва ўта мустақил одан ҳеч қачон юрагидаги мақсадга эришиш ва аҳамиятли бўлиш чанқоғини қондира олмайди. Гарчи инсон ўзини жуда яхши яшаётгандай, ҳаётнинг кўп соҳаларида муваффақиятга эришгандай кўрсатса-да, юзидаги ифода руҳий ҳаётининг қандайлигини билдириб туради.
Яқинда кўчада бир 40 ёшлардаги яхши кийинган, қимматбаҳо тақинчоқ таққан, ўзига жуда ишонган бир аёлни кўрдим. Кўринишидан у ҳаётда кўп нарсаларга эришганга ўхшайди, бироқ юз ифодасидан у ҳали ҳам ҳаётда ўз ўрнини топмагани, ўзи истаган даражада аҳамиятли бўлиш хоҳишини қондира олмагани билиниб турарди. Аксинча бундан бир неча йил олдин, бир кишини кўргандим. Кўринишидан унчалик бой бўлмаса ҳам, юзидаги қаноат ва ним табассумдан ҳаётда ўзи истаган нарсага эришгани кўриниб турарди.
Инсоннинг юзи унинг Худо билан муносабатини, аниқроғи руҳий ҳаётининг аҳволини белгилаб беради. Фақат ўз кучига, ақлига ва салоҳиятларига ишонган одам, қандайдир ҳаммага виқорли назар ташлайди. Гап-сўзларидан мақтанчоқлик, мағрурлик уфуриб туради. Бундай одам бошқаларга паст назар билан қарайди, бироқ ёлғиз қолганида ичидаги руҳий ҳолати билан, муаммолари билан курашади. Сиз қандай тоифадаги одам бўлишни истардингиз, кўринишидан жуда аҳамиятли, бироқ ичидан тугаб бўлган одамми ёки дунёвий яшаш стандартларига жавоб берадиган даражада бўлмаса ҳам ички тинчликка, ҳотиржамликка эга бўлган одамми? Менимча иккинчи тоифадаги одамни танласангиз керак? Мен ҳам шундай қилган бўлардим. Азизлар www.najot.com. бу ҳаёт ҳақида сўйлайдиган, сизларга керакли ва қизиқарли маълумотларни берадиган манзил. Ўзингиз бунга амин бўлинг.