Ассалому алайкум қадрдонлар. Ёшлигимизда қандай орзу қилган бўлсак, ҳозир шуларнинг ҳеч бўлмаса ярмига эришганмиз. Агар иложи бўлганида ўша қолганига ҳам эришардим, аммо бунга пул керак-да – дейишингиз мумкин. Инсон ўз хоҳиш-истакларини амалга ошириши, муҳтожликларини қондириши учун албатта пул керак бўлади. Инсон табиатан қийналмасдан, ҳамма қулайликларга эга бўлган, ширин ҳаётда яшашни истайди. Шунинг учун ҳам ҳамма қандай қилиб бўлса ҳам кўпроқ пул топиш ҳақида ўйлайди.
Биз аёлларни эркаклар пулга ўч дейишади. Чиндан ҳам шундаймикан?! Менимча ундай эмас. Аммо ҳар бир аёлга шундай деймиз: «Бойиш қўлингиздан келади».
«Бой бўлишни истайсанми, ўйлагин?!» деганди америкалик руҳшунос ва файласуф Наполеон Хилл. Бугунги кунда бой бўлиш сирлари ҳақида кўплаб китоблар нашр қилинмоқда. Хўш, бу китоблар чиндан ҳам бой бўлишимизга ёрдам берадими?! Агар омад қозониш, бойликка эришиш формуласини амалда тадбиқ этган кишиларнинг иш олиб бориш жараёнига эътибор қаратадиган бўлсак, бу бир неча амаллардан иборатлигини кўрамиз. Риоя қилиш лозим бўлган мунтазам ҳаракатларсиз ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди. Режа тузиш, вақтни бекорга сарфламаслик, интизомли бўлиш ва қарор қабул қилиш – омад формуласининг илдизларидир. Агар бойлик сирини бир оғиз сўз билан ифода қилиб бўлганда эди, ўша биргина калит сўзни айтиб қўяқолган бўлардик.
Бунинг учун муттасил ўқиб-ўрганиш, ширин уйқулардан, таралабедод базмалардан воз кечишга тўғри келади. Бой бўлишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун ҳам тадбиркор миллиардерлар кўп эмас. Ўз орзуларини амалга ошириш учун машаққат чеккан одамларгина ниятига эриша олади. Бойликка эришишни истаган одам худди Томас Эдисондек бўлиши керак. У электр лампочкаси ҳақида орзу қилган эди. Эдисон бу буюк орзуни амалга ошириш мақсадида ишга киришди. Ўн икки минг маротаба мағлубиятга учраса-да, айтганида туриб олди ва бу ҳақиқатга айлангунча, асло тиним билмади. Ниҳоят орзусига етди ва лампочкани ихтиро қилди. Омад ўз ўзидан келмайди. Муваффақиятга эришишни мақсад қилган ҳар бир одамда олдиндан аниқ режа бўлиши талаб этилади. Хўш, режа қандай тузилади?
Қанча пулга эга бўлмоқчисиз? Аввал миқдорини аниқланг. Кўп, деб айтиш кетмайди. Орзуларингизни амалга ошириш учун қанча пул кераклигини аниқ билиш лозим. Бу пулни топиш учун нима қила оласиз? Хаёлингизга келган барча йўлларни ёзинг. Хатто арзимаган пул топиш мумкин бўлган соҳа ҳам қолмасин. Агар «ҳозирги ишимда икки дунёда ҳам керагидан ортиқ пул топа олмайман», десангиз, унда қўшимча иш топинг, бой бўлиш осон эмас. Кўзлаган пулга қачон эриша оласиз? Бир йилдами, беш йилдами, аниқ бир кунни белгилаб олинг. Масалан 2012 йил, 5 август. Агар шу пулни қўлга киритсангиз, қайси орзунгизни рўёбга чиқарардингиз? Орзу қандайлигидан қатъий назар тўлиқ тафсилотларини ёзинг. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кейинги суҳбатларимизни тингласангиз, бойликка эришиш сирларидан боҳабар бўласиз.