MP3

«Мен ўзимни назорат қила олмаяпман, бир дақиқада ичимда ҳамма нарса ағдар тўнтар бўлиб кетади», деди бир талаба. «Ичингизда атом бомба бор,» — деб жавоб қилдим. «Мен ғазабингиз портлагандан кейинги натижалардан қўрқаман». (Жорж Свитинг.)

Ассалому алайкум. Юрак ҳотиржам, ички тинчлик ва шодликка тўла бўлса, ҳамма нарса гўзал кўринади. Танамиз ҳам ўз меъёрида ишлайди. Аммо ҳар доим ҳам ундай бўлавермайди. Баъзан кимнингдир ғазабдан қизариб бақираётганини кўрамиз. Оналарнинг ғазаб билан фарзандини калтаклаётганини, яна кимнингдир телефонда қичқираётганини кўрамиз. Бу ҳаётда бўлиб турадиган воқеалар. Кўпчилик бу нарсага унчалик эътибор қилмайди. Сизни-чи? Сизни нима ғазабга келтиради?

Бир куни бозорга бордим. Бир эркак 7 яшар ўғлини роса уришаяпти. Хотини қўлида чақалоғини тутганча, эрига бир нарса деёлмай, боласига ачиниб қараб турибди. Шу пайт кутилмаганда эркак боласининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Буни бола ҳам, она ҳам, ҳатто мен ҳам кутмагандим. Болакай калтак зарбиданми, ёки кутилмаган шапалоқдан қўрқибми, йиғлаб юборди. Аёл киши бўлганим учун эркакнинг қилмиши ғазабимни қўзитди. Энг ёмон кўрганим ожиз болаларни ва аёлларни урадиган эркаклар. Шундай эркаклар менинг ғазабимни қайнатади. Тушунаман, сизни ҳам баъзан кутилмаган ҳолатлар ғазабга келтиради. Ичингизда аччиқ бир нарса қайнаётгандай, ташқарига отилиб чиқишга тайёрдай туради. Баъзан биз тўғри сабаблар билан ғазабланамиз. Аммо 99 фоиз ҳолларда худбинлигимиз, сабрсизлигимиз туфайли ғазабга минамиз.

Ғазаб одатда уйимиз эшиклари ортига яширинган бўлади. Ишхонада ғазабга минган одамлар жуда камдан кам. Кўпчилик уйга қайтганидан кейин ғазабга минади. Ëпиқ эшик ортида, ҳеч ким сизнинг қандайлигингизни кўрмаганидагина ғазаб ўзини эркин ҳис қилади. Ғазаб бу – бизнинг яхши ҳислатларимизни йўққа чиқарадиган, оиламизни барбод қиладиган, яқинларимиз кўнглини синдирадиган нарса. У бир марта ўз манзилига қараб отилдими, уни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. У етиб борган кўнгилни қаттиқ яралайди. Жароҳатланган кўнгилни шифолаш учун жуда узоқ вақт кетади. Энг ёмони, ғазабга тўла киши ғазабланишга ўрганиб қолган бўлади. Бу ғазаб унга ёки ёшлигидан ёки бирор бир сабаб туфайли унинг дилига ин қуриб олган бўлади.

Бироқ бундай ғазаб билан яшаш унинг ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам, яқинига ва ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Баъзилар тез-тез ғазабга минадилар. Бошқаларни эса жуда оғир босиқ, анча-мунчага жахли чиқмайди, деймиз. Бироқ шундайларнинг ғазабидан қўрқиш керак. Ундай киши бир ғазабга мингач, жуда узоқ вақт бу ғазаб оловини ўчира олмайди. У атрофдаги ҳамма нарсани куйдириб кул қилмагунча ўчмайди. Баъзи аёлларни эса атрофдагилар бақироқ ва асабий деб билишади. Ҳаммамиз ҳар хилмиз. Қандай қилиб ғазабимизни жиловлашимиз мумкин? Бунинг учун ҳар биримиз сабрли бўлишни ўрганишимиз, ҳолатга ўз нуқтаи назаримиз билан эмас, бошқалар нуқтаи назари билан қарашга одатланишимиз лозим. Шундагина сабрли ва босиқ аёлга айланамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top