2:53

Эркакнинг фикрлаши

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугунги суҳбатимизни эркакнинг фикрлаши ҳақида олиб боришни маъқул кўрдик. Биз аёллар ўзимиз қандай фикрлашимизни, табиатимизни ва одатларимизни биламиз. Биз кишининг ташқи кўриниши, сўзлашининг оҳанглари, гапираётгандаги юз ифодаларига кўра қандайлигини аниқлаймиз. Гапираётганимизда ҳис-туйғуларимиз ишда бўлади. Биз ҳам гапириб ҳам фикрлай оламиз. Сўзлашганда шундай кўп сўзларни ишлатганимиз учун ҳам бирор нарсани тасвирлашда анча-мунча ёзувчидан қолишмаймиз. Баъзи аёллар отасини ёки турмуш ўртоғи ёҳуд катта бўлиб қолган ўғлини тушунмаётганидан нолийди. Бунинг сабаби эркаклар биз аёллар каби фикрламаслигидадир. Юқорида айтганимиздек, биз аёллар одамларнинг юз ифодаларига, ҳисларини намоён этишига жуда эътиборлимиз, бироқ эркаклар ундай эмас.

Улар гаплашаётган одамининг юз ифодасига, ҳис туйғуларига кўп ҳам эътибор беравермайди. У аёл кишидан камроқ гапиради, кўпроқ бўлиб ўтган воқеаларни ичида мушоҳада қилади. У ўйлаётган пайтда гапиришни эмас, воқеаларни ичида мушоҳада қилишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам эркак киши кўп ҳам ўз аёлига ишида, дўстлари орасида бўлиб ўтган келишмовчилик ва муаммоларни айтавермайди. Ўз қобиғига ўралиб, ўйланиб ўтираверади. Аёл эса унинг бу ҳолатидан жиғибийрон бўлади. Эркак киши воқеаларга ҳиссий томондан эмас, факт нуқтаи назаридан ёндошади. У гапираётганда очиқчасига, қисқагина қилиб гапиради. Қийин қарор қабул қилишга келганида эса, бошқаларнинг ҳис-туйғулари, бу ҳақида нима деб ўйлашларини ҳатто, ўзининг ҳам туйғуларини бир четга йиғиштириб қўйиб, ҳолисона қарор қилишга ҳаракат қилади.

Биз аёллар эрларимиз қилаётган қарорининг оқибатини ўйламаяпти деб ўйлаб баъзан ҳато қиламиз. Ëки бўлмаса, уни бошқаларнинг ҳис-туйғулари қизиқтирмайди, деб ўйлаймиз. У ўйлаётганида аёлини ўз ўйларидан ташқарига улоқтиради, деб ўйлаганда ҳам адашамиз. У чиндан ҳам ёлғиз қолиб фикрлашни, бўлиб ўтган воқеаларни мушоҳада қилишни истайди. Ундан ташқари у ўз ўйлари ва муаммолари билан аёлини ҳам ташвишлантириб қўйишни истамайди. Буни у аёлини севгани ёки уни ҳимоя қилгани учун қилади. Аёл киши эса ўз фикрлаш табиати бўйича ўйлайди, шунинг учун ҳам эри унга ёрилмагани учун ҳафа бўлади. Кўриб турганингиздай эркак билан аёлнинг фикрлаш, ўйлаш усули икки ҳил, мутлақо бир-бирига тўғри келмайди.

Ташқаридан бу икки ҳил тарзда фикрлаш ҳеч қачон бирга бўлолмайдигандай туюлади. Биламизки, оилада эркак аёлни ёки аёл эркакни тушунган ҳолатлари камдан кам бўлади. Ҳар бири ўзининг фикрлаш тарзи энг яхши деб билади. То аёл ҳам эркак ҳам ўзларининг бир нарсага бошқача ёндошишлари ёки фикрлашларидаги фарқ қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етмагунча иккаласи орасида тушунмовчиликлар бўлаверади. Аслида аёл билан эркак бир-бирини тўлдиради. Эркакда бўлмаган, таъсирчанлик, меҳрибонлик ва мулойимлик аёлда бор. Аёлда бўлмаган фактларга кўра иш кўриш, ҳолисона баҳо бериш каби ҳислатлар эркакда бор. Хуллас, ҳар иккисининг фикрлаши ҳам бир-бирини тўлдиради. Бири фактга асосланади, иккинчиси ранг беради. Хуллас, ҳаёт иккиси билан завқли ва мароқли ўтади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top