Ассалому алайкум. Атрофда турли тоифадаги аёлларни учратасиз. Уларнинг бари уй бекалари. Бироқ уларнинг уй бекалик вазифаларига нисбатан нуқтаи назарлари бир-бириникидан фарқ қилади. Мен яқин кунларда ўзимга яқин бўлган аёлларни кузата туриб, уч хил турдаги уй бекалари бор деган ҳулосага келдим. Бугун мана шу хулосаларимни сизлар билан баҳам кўришни истайман.
Биринчи тоифадаги аёллар учун уй ва унинг ичидаги нарсаларнинг покизалиги, унда яшаётган одамлардан кўра муҳимроқ. Бундай аёл «тозалаш» касаллигига йўлиққан бўлади. Улар тинмай уйларини қиртишлайверишади. Бу ҳеч ҳам ёмон одат эмас. Аммо бу ишга яхши ёки ёмон томондан қараш унинг яхши ёмонлигини билдириб туради.
Тасаввур қилинг, сиз мана шундай аёллардан бирисиз. Уй бекалик сизнинг жону дилингиз. Уйингизга кирган киши тозаликдан ва баҳаволикдан дили яйрашини, сизни жуда озода ва саришта бека деб билишларини истайсиз. Шу ҳаёллар билан уйларни тозалаб чиқдингиз. Шу пайт болаларингиз бири-иккичисини қувлаб оёғидагини ечишга улгурмай, сиз эндигина тозалаган гилам устидан юриб ўтди. Қандай аҳволга тушасиз. Қилган ишингиз кўзингизга кўриниб, гиламнинг аҳволини кўриб, болангизга бақирасиз. Агар сал асабийроқ бўлсангиз, болангизнинг қулоқ чаккасига тортиб юборишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Мана шундай кўринишдаги ҳаддан ташқари озодалик ҳеч қачон оқланмайди. Бундай аёллар ҳақиқатда уйининг тозалигини болалари ва турмуш ўртоғининг кўнглидан устун қўяди.
Иккинчи тоифадаги аёллар уйларини ўзларининг қўрғонидай ҳис қилишади. Уйни ўз кўнгилларида шундай шахсийлаштириб оладиларки, унинг ичида қилинадиган ишлар ҳам фақат унинг иши. Кимдир четдан келиб, унга ёрдам беришини сира истамайди. Бундай тоифадаги аёлларга икки хил мисол келтириш мумкин. Масалан, шундай аёллардан бирининг уйига, яқинларидан бири 2-3 кунга меҳмон бўлиб келди. Меҳмон мезбонга ёрдам бериш учун бека бозорга кетганда, идишларини ювиб қўйди. Бозордан келган бека буни кўриб хурсанд бўлиш ўрнига, асабийлашади. Бирор бир ишни унинг ўрнига қилишни истаган одам ҳам табиийки, рад жавобини олади. Бундай аёллар уй ва унга тегишли жиҳозларга четдан бирор бир аёл қўл теккизишини истамайди. Бундай аёллар яна уй ишларининг бари унинг вазифаси эканини жуда яхши тушунган ҳолда бу ишга қаттиқ берилиб кетишади.
Фарзандлари ёки турмуш ўртоғининг унга ёрдам беришини истамайди. Шундай бўлгач, ўз-ўзидан фарзандлари ҳам ёшлигидан уй ишларида онасига ёрдам беришни ўрганмай, онасига уйда юрган хизматчидай иш буюраверишади. Бундай аёллар ўз-ўзларига мана шу даражани ўзлари сотиб оладилар. Яна бошқа бир тоифадаги аёллар умуман уй бекалиги вазифасини зиммаларига олишни истамайдилар. Бу иш улар учун зерикарли, аҳамиятсиз ва энг охирги ўринда турган ишлардан саналади. Бундай аёлларда табиатан уй бекалиги ҳусусияти камроқ бўлади. Буни ҳар бир аёл турмуш қурганидан кейин аста-секин ривожлантириши керак бўлади. Азиз бекалар сизга тегишли ва қизиқ бўлган мавзулар билан танишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг. Бу сизни уй ишларидан бироз чалғитиб танангизга дам беради. Ишингизга яна иштиёқ билан ёндашишингизни таъминлайди