3:03

Баҳоналар

MP3

Ассалому алайкум. Йиллар ўтгани сайин, аёлнинг уй бекалигига бўлган муносабати ўзгармоқда. Европа ва ривожланган давлатларда уй бекалиги арзимас ва унчалик муҳим бўлмаган иш саналади. Бу ишни аёлнинг ўрнига бирор бир хизматчи қилади. Аёл бемалол бирор жойда ишлаб, уйнинг саранжомлигини назорат қилиб турса бўлди. Бугунги замонавий ёшлар ҳам уй бекалигини аёл қилиши мумкин бўлган энг паст иш деб ҳисоблайди. Ахир атрофда аёллар эплай оладиган ишлар тиқилиб ётибди-ку. Аёл киши энг яхши адвокат, прокурор, банк ходими, шифокор, инжинер ва олим бўлиб турган бир пайтда қандай қилиб «арзимас» «ҳеч кимга ёрдами тегмайдиган» оддийгина уй бекаси бўлсин! Ҳар ҳолда баъзилар шундай ўйлашади.

Агар шундай аёллардан бирига уй бекаси бўлишнинг қанчалик муҳимлиги ва келажакда келтириши мумкин бўлган фойдалари ҳақида гапирадиган бўлсангиз, «Албатта, уй бекаси бўлиш оила манфаати учун муҳим, лекин…» Улар берадиган жавобнинг охирида албатта лекини бўлади. Замонавий аёл, ҳар бир аёлнинг ишлаш ёки уй бекаси бўлишдан бирини танлашга ҳаққи бор деб ҳисоблайди. Бироқ Худонинг Каломида аёлнинг оиласи учун қилиши мумкин бўлган энг эзгу ва буюк вазифаси бу — уйга бекалик қилишдир. Шунинг учун ҳам художўй аёллар ўзларининг оналик ва уй бекалик вазифасини ҳамма нарсадан устун қўйишади. Оиладан ташқарида бўладиган ҳар қандай ишлар, уй бекалигидан устун эмас. Улардаги жавобгарликлар уй бекасининг жавобгарликларидек аҳамиятли эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, уй бекалиги нақадар муҳимлигини тушунган аёллар унинг қанчалик аҳамиятли эканини тушунадилар, бироқ…

Мана, шу гап охирида келадиган «бироқ » оммабоп бўлган икки хил сабабни келтиради. Улардан бири мана шундай: «Уй бекалиги қанчалик муҳим эканлигини биламан, бироқ мен уй бекаси тоифасидаги аёллар сирасига кирмайман.» Иккинчиси: «Мен жуда қобилиятли, ақлли ва ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқадиганлар сирасига кираман. Шунчаки уй бекаси бўлиб ўтириш учун яратилмаганман.» Келинг, мана шу икки сабабни таҳлил қилиб кўрамиз. «Мен уй бекаси тоифасига кирадиган аёллардан эмасман», дейдиган аёлларга шундай деймиз. Аёл киши аёл бўлиб дунёга келган экан, уй бекалик унинг табиатида бор. Худованд аёлни «уй бекаси» қилиб яратган. Ҳар иккала жинс вакилларидан фақат аёл уйнинг дизайни, уни безаш, уй ва хонадон учун чиройли нарсалар сотиб олиш ва уни шинам қилиш ҳақида ўйлайди. Эркак эса биринчи навбатда оиланинг таъминоти ҳақида фикр қилади.

Аёлнинг «мен уй бекаси тоифасидан эмасман», дейиши бу ишга уқувсизлигини яшириш учун қилган баҳонасидан бошқа ҳеч нарса эмас. Баъзи аёллар бу ишда нўноқроқ эканликларини яшириб ҳам ўтирмайдилар. Аёл табиатан уй бекаси этиб яратилган экан, яхши уй бекаси бўлишни ўрганиши керак. Буни ўрганишнинг ҳеч ҳам эрта-кечи йўқ. Бунинг учун аёл шунчаки, уй бекаси бўлишга қарор қилиши керак ҳолос. Ҳар бир ишни ўрганишга қунт ва ҳаракат бўлганидай, уй бекаси бўлиш учун ҳам аёлдан бироз қунт, сабр-қаноат ва ҳаракат талаб этилади. Мана шулар ҳар қандай аёлни ажойиб уй бекасига айлантиради. Азиз оқила аёллар уй бекаси бўлишнинг фойдали ва шарафли томонларини билиб олишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг. У ҳақида анчагина қизиқарли маълумотларни билиб оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top