Ассалому алайкум қадрдон ва мунис опа-сингиллар. Муқаддас Калом аёлга тегишли бўлган бир севги ҳақида гапиради.
«Кампирлар ёш хотинларга ҳам таълим-тарбия берсинлар. Худонинг каломи қораланмаслиги учун, улар ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар.»
«Аёл киши шундайига ҳам эрини ва фарзандларини севадику, уни ўргатишнинг ҳожати йўқ», дерсиз. Чиндан ҳам аёл ўз турмуш ўртоғини ва фарзандлари жонидан ортиқ кўради. Лекин бугун биз гапирмоқчи бўлган севги, аёл табиатидаги севгидан бироз фарқ қилади. Бундай севгини аёл чиндан ҳам ўрганиши керак. Келинг, аввал аёл табиатидаги севги қандай бўлиши кўриб чиқсак.
Аёл табиатидаги севги, ўзининг фикрларига, ҳис туйғуларига асосланган бўлади. Бу аёл табиатининг бир қисми. Эркак кишидан фарқли равишда аёл ҳис-туйғуга бой ва кўпроқ унинг таъсирида бўлади. Унинг табиатига асосланган севги асосан ҳис-туйғулар билан бошқарилади. Худо назаридаги, биз ўрганишимиз керак бўлган севги эса фарзанд ва турмуш ўртоғига бериладиган энг тўғри севгидир. Бундай севги бирор бир иш қилишдан олдин ўйлаб кўради. У Худонинг ҳақиқатига таянади. Муқаддас Каломда ёзилганидек, севадиган аёл ҳар бир ҳатти ҳаракатларини бошқара олади. Ўша биз ўрганишимиз керак бўлган муҳаббат бизнинг ҳатти-ҳаракатларимизни Худо истаганидай бошқаради. Аёл Худо йўлида, У истаганидай қанча кўп юрса, У ҳақида шунча кўп билиб олади. Билсангиз, Худо йўлида юриб, Унинг ҳақиқатларини, сифатларини билиб олиш учун бошдан анча-мунча нарсани ўтказиш керак.
Катта ёшли онахонларимиз эса мана шу борада анча тажрибалидирлар. Улар энди ўзлари ҳаётдан, Худодан олган сабоқларини ёш аёлларга ўргатишлари керак. Улар аёл киши ҳис-туйғусига асосланиб эмас, Худо каломида ёзилганидек севиш қандай бўлишини ҳаётий воқеалар билан боғлаб ўргатадилар. Умуман бир-биридан тажриба алмашиш, ўрганган нарсаларини бўлишиш аёл кишининг табиати. Яна фарзандга бўлган севги мавзусига қайтсак.
Биз фарзандларимизни қандай севишни билмаймизми? — дерсиз. Аммо баъзан аёл киши фарзандини ҳаддан ортиқ севгани учун унинг тарбиясида хатолар қилиб қўйиши мумкин. Фарзанд жазоланиши керак бўлган пайтда, унга бўлган севгимиз туфайли жазоламаймиз. Ëки отаси жазо белгиласа, уни отасига билдирмай енгиллатамиз. Мана шундай хатолар фарзандни она табиатидаги севгидан фойдаланишга ўргатиб қўяди.
Бироқ Худонинг Каломига асосланган муҳаббат қандай бўлишини ўрганиб олсак, ҳар бир ишимизга Унинг назари билан қараб, Ундан ўрганган севгимиз бизни оқилона йўл тутишга ундайди. Каломда ёзилишича, аёл киши эрини севиб, унга бўйсуниши керак. Аёл киши эрини севиб туриб, унга итоат қилмаслиги ҳолатлари жуда кўп учрайди. Демак, ана шундай севадиган аёл Худованд айтган севгини ҳали ўзида ҳис қилиб кўрмаган. У ана шундай севгини ўрганиши керак. Илоҳий севгига эга бўлган аёл шубҳасиз эрига бўйсунади. Калом ҳам шундай дейди: «улар… иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар» (Тит 2:5) Азизлар, www.najot.com сайтимиз сизга аёлнинг муҳаббати, оилада ўзини қандай тутиши ва фарзанд тарбиясида турмуш ўртоғи билан баъзи келишмовчиликлари ҳақида қизиқарли маълумотларни беради.