2:47

Мукаммал она

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Аёл зоти дилида энг эзгу тилаклар билан яшайди. У дунёга нима учун келганини билади. У яшар экан энг яхши рафиқа, энг яхши она, энг яхши келин ва энг яхши дўст бўлишни истайди. Шунчаки яхши эмас, энг яхшиси бўлишга интилган оналар бир кун келиб албатта мукаммал она даражасига кўтарилади. Бугунги суҳбатимиз «мукаммал она» қандай бўлиши кераклиги ҳақида бўлади. Болаларнинг фикрича, идеал она мазали кексларни пиширади, балчиққа белансалар ҳам уришишмайди ва улар билан ҳар куни камида бир ярим соат ўйнайди. Дунёдаги энг яхши она уларнинг назарида яна нималар қилиши лозимлигини аста-секин суҳбатимиз давомида билиб оласиз. Кўпгина болаларнинг сўзларига кўра, мукаммал она кўп вақтини улар билан ўтказиши керак.

Она болаларини мактабга олиб бориши, улар яна кийимларини расво қилганлиги учун уришмаслиги лозим. Болалар ўзларини қандай тутишидан қатъий назар, хоҳ кундузи, хоҳ ярим кечаси – исталган вақтда телевизор кўришларига рухсат бериши керак. Британиялик олимлар олти ёшдан ўн беш ёшгача бўлган уч минг нафар бола орасида сўровнома ўтказиб, замонавий оналарга жудаям қийин эканига ишонч ҳосил қилишди. Сабаби кино ва телевидение оналарни қандайдир мукаммал образга мувофиқ келтиришга уринмоқда. Оналар ташвишга тушмасликлари учун болалардан мукаммал она қандай бўлмоғи лозимлигини айтиб беришларини сўраб, улар орасида тадқиқот ўтказдик, дейди тадқиқот ташкилотчиси. Тадқиқотлардан шу нарса аён бўлдики, уларнинг хоҳишларига тўғри келиш учун ҳеч қандай мўъжиза керак эмас экан.

Болалар дунёдаги барча нарсаларни биладиган, эртадан кечгача хурсандчилик қиладиган ва ҳайратланарли мураккаб таомларни пишира оладиган оналари бўлишини исташмас экан. Аммо болалар ҳар куни ўзлари истаганча уларга нисбатан меҳр-муҳаббатли ва эътиборли бўладиган, бирор муаммо туғилганида доимо ёнларида бўладиган онага жуда муҳтож эканлиги аниқланди. Кўпгина болаларнинг сўзларига кўра, мукаммал она кўп вақтини фарзандлари билан ўтказиши, сочларини тўзғитишга рухсат бериши ва қулоғигача чангга ботиб келаётганликларини мамнуният билан кузтиши керак. Улар яна бир идеал она номига даъвогарлик қилаётган оналардан мазали уй пишириқлари ва тез тайёрланадиган тушлик ва кечки овқатларни кутишмоқда. Шуниси муҳимки, ушбу машғулотлар 30 дақиқадан ошмаслиги керак.

Чиндан ҳам болалар қорни очганида чидаб тура олмайдилар. Айниқса, кўчадан чанг-тупроққа беланиб қорни очиб келган болакайлар сира ҳам сабр қила олмайдилар. Яна, болалар оналари уларни идиш товоқ ювишга жалб қилмаслигини жуда истайди. Аммо буларнинг барчаси сўралганларнинг кўпчилиги томонидан айтилган, яъни оналар болаларини иложи борича тез-тез қучиб, ўпиб туришлари кераклиги ҳақидаги фикрлар олдида арзимаган талаблардир. Бироқ доно ва меҳрибон оналар фарзандларининг келажагини ўйлаган ҳолда, болалар истаган ҳамма нарсани ҳам бажаравермайди. Болаларни ёшлигидан меҳнат қилишга, оила аъзоларининг оғирини енгил қилишга, шу оилада кичик бўлса ҳам меҳнати билан ўз ҳиссасини қўшишга ўргатиш уларни келажакда мукаммал инсон даражасида бўлишига ёрдам беради. Бу ишлар ҳозир болаларга ёқмасада, келажакда бу одат уларга ижобий натижаларни беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top