Ассалому алайкум. Баъзан арзимагандек туюлса-да, танамиздаги нохуш ҳолатдан асабларимиз таранглашади. Шифокорга боришга уяламиз. Бироқ чорасини топиш ҳам қўлимиздан келмайди. Бугун ана шундай пайтларда қўл келадиган айрим усуллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Оғиздан ҳид келганда… — Ҳеч қайси ўсимликда петрушканики каби нафасни тозалаш ҳусусияти йўқ. Бу ўсимлик хлорофиллга бой бўлиб, ёқимсиз ҳидга сабабчи бўладиган бактерияларни ўлдиради. Овқатланиб бўлгач, петрушканинг битта шохчасини олиб, пиёз ёки саримсоқ билан бирга чайнанг. Шунда нафасингиз янгиланишига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Пўрсилдоқ – ҳеч қачон пўрсилдоқ устига нина санчманг. Бу билан терингизга инфекция тушириб қўйишингиз мумкин.
Яхшиси, бир бўлак пахтани гамамелис экстрактига намлаб, пўрсилдоқ устига тўрт маҳал қўйинг. Гамамелис таркибида бириктирувчи танин моддаси бўлиб, қон айланишини меъёрлаштириш билан бирга терини қуритиб, оғриқни тез босади.
Кўкариш – агар бирор ерингизни уриб олиб, кўкартирган бўлсангиз, эҳтиёткорлик билан яллиғланишнинг олдини олувчи ва лат еган жойда туриб қолган қон айланишини кучайтирувчи арникали крем суртинг. Ошхонада куймалашган аёл борки, у ёки бу сабаб билан қўлини тез тез куйдириб олади. Шундай пайтларда лаванданинг ифори аёлни тинчлантиради. Ёғи эса 1 даражали куйганда яхши самара беради. Бунинг учун зайтун ёғи билан лаванда миқдори учга бир миқдорда аралаштирилади. Муолажа қилишда эса куйган жой юмшоқ совун билан авайлаб ювилади ва зарарланган тери устига аралашмадан мўл қилиб суртилади.
Шунда битиш жараёни тезлашиб, яра чандиқ ва доғларсиз битади. Муолажа кунда уч марта то куйган жой тузалгунча давом этади.
Лаб ёрилганда – Шамол таъсирида ёрилган лабга канакунжут мойини суртиш керак. Шунда бундай муаммо сизни кейинчалик ҳам қийнамайди. Бурун битганда қирғичдан чиқарилган бир ошқошиқ хренга худди шу миқдорда асал ва табиий сирка аралаштириб истеъмол қилинг. Шунингдек, қирғичдан чиқарилган хренни чуқур-чуқур ҳидлаш ҳам бурунни очади. Йўтал йил бўйи оналарни хавотирга солади. Дам у фарзанди дам бу фарзанди мана шу йўтал билан безовта бўлади. Шундай ҳолатларда қизилмия қайнатмаси муттасил йўталда яхши наф беради. Буни тайёрлаш учун дорихонадан олинган қизилмия пакетидаги қуритилган қизилмиянинг ҳаммаси бирйўла 5 дақиқа қайнатилади.
Ëки бир пиёла қайнаган сувга 1 чой қошиқ миқдорида солиб, дамлаб қўйилади. Кун давомида ушбу дамламадан уч пиёла ичиш лозим. Йўтал ўтиб кетса-да, муолажани мустаҳкамлаш учун қайнатма ичишни яна уч кун давом эттириш керак. Қон босими баланд ва диабет касаллигига чалинганларга қизилмия ичиш тавсия этилмайди. Фарзандларингиз ёки ўзингиз қазғоқ муаммосидан қийналаётган бўлсангиз, бунинг учун бизнинг маслаҳатларимизни диққат билан тинглашингиз керак. Бошдаги қазғоқни кетказиш учун бош терисидаги ишқорли кислота балансини тиклаш керак. Бунинг учун аввало бошингизни ювинг. Сўнг бошингиз териси ва сочларингизга табиий олма сиркасини суртинг. Икки дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб ташланг.