3:22

Тушкунлик

MP3

Ассалому алайкум қадрли дугонажонлар. Ҳаётимиз ҳар доим ҳам бир текисда силлиқ ва равон бўлавермайди. Ўзингиз билганингиздек, ҳаётимизда яхши ва шодон кунлардан кўра ташвишлар ва муаммолар жуда кўп бўлади. Аёл эркакдан кўра кўпроқ тушкунликка тушади. Бунга аёлнинг ҳиссиётга бойлиги, зиммасидаги вазифаларнинг кўплиги, ўзидан кўра фарзандлари ва турмуш ўртоғини ўйлаши ва яна кўп нарсалар сабаб бўлади. Аёллар турли хил озғин, семиз, ўртача, чиройли, истарали, меҳнаткаш, дангасароқ, қатъиятли, меҳрибон ва ҳоказо бўладилар. Улар қанчалик бир-бирига ўхшамаган бўлмасин, қалбан ва табиатан бир хилдирлар. Уларнинг нарсаларга қараши бир бўлгани учун аёлларнинг ҳаммаси тушкунликка тушишга мойил бўладилар.

Аслида тушкунлик қандай келиб чиқади. Баъзан ишларингиз юришмаётганидан, баъзан ҳаётнинг ташвишларидан, баъзан оиладаги муносабатларнинг яхши эмаслигидан. Яна аёлнинг умидлари саробга айланганда. Аёл қила оламан деб ўйлаган нарсаси амалга ошмаганда. У бирор нарса қилишга ўзини қодир деб билади, бироқ охир-оқибат буни қила олмаслигини англагач, тушкунликка тушади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тушкунлик аёлда «Ҳеч нарсага арзимайман», «Ҳеч нарса қўлимдан келмайди», «Ҳаётим беҳуда ўтиб кетяпти», «Ҳаётнинг қизиғи қолмади», деган фикрлар бўлади. Мана шу фикрлар аёлни бошқаради. Шу фикр билан у кундалик ишларини рисоладагидек қила олмайди. Уйдан кўчага чиқмай қўяди, дўстлари билан суҳбатлашишни ҳам истамайди.

У ўзини ҳаммадан олиб қочадиган бўлиб қолади. Тушкун ҳолатда аёл ўзига қандай ёрдам бериши мумкин. Дугонажонлар, диққат билан тингланг, Худованд сизни бекорга яратмаган. Уни сизни яратишдан мақсади ва режаси бор эди. Бу режа ҳали ҳам бор. У ҳаётингизда ўша режани албатта амалга оширади. Балки сиз ўша режанинг қайсидир бир қисмида тургандирсиз-у, лекин буни билмайсиз. Шунинг учун кўп ташвиш чекманг. Тушкунликка тушганингизда ўзингизни қандай ҳис қилишингиздан, қалбингизда қандай туйғулар қайнашидан қатъий назар Яратувчингиз олдига келинг. Тиз чўкиб Унга қалбингизда борини тўкиб-сочинг. У сизни тушунади.У Сизни яратди ва қандайлигингизни ҳам билади. У сизни ҳозиргидан яхшироқ қилиб ўзгартирмоқчи.

Шунинг учун қалбингизда Унга нисбатан ёки ҳаётингизда бўлаётган воқеаларга нисбатан нималарни ҳис қилаётган бўлснгиз, оғриқларингиз, қўрқувларингиз ва умидсизликнинг ҳамма-ҳаммасини Унга айтинг. Худованд Йеремиё пайғамбар орқали Ўз халқига шундай деган эди: «Менда сиз учун режалар бор. Бу режалар сизни барбод қилмайди, аксинча гуллаб яшнатади. Бу режалар сизга умид ва келажак беради». Бу худди айнан биз учун айтилгандек. Тушкунликка тушган аёл, умидсизликдан келажакка ҳавотир ва ишончсиз қарагани учун ҳам азоб чекади. Бундай аёлга ҳаёт ёки олдида турган муаммоси қанчалик қийин кўринмасин, борини Худовандга бериши керак. Яратувчининг сиз учун махсус режаси борлигига ишонинг. Унга умид қилинг. У эса сизни уялтириб қўймайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top