3:42

Ички қусурлар

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳозирги даврда инсон аввалгидан кўра кўпроқ руҳий ва жисмоний хуружга дуч келмоқда. Биз узоқ вақт нимадандир ёки кимдандир норози бўлиб юрар эканмиз, азоб чекиш билан бирга, касалликка ҳам чалинамиз. Бугун айрим инсоний қусурларнинг саломатликка таъсири хусусидаги маълумотлар билан танишинг. Беғамлик — Кўпчиликда: “Лоқайдлар касалликка камроқ чалинади”, деган тушунча бор. Баъзида беғамроқ одамларга ҳавас ҳам қиламиз. Кузатувлар шуни кўрсатдики, беғамлик ҳис-туйғуларнинг пасайиши ва диднинг ўтмаслашиши натижасидир. Ҳаёт завқини ҳис қилмаслик, куним ўтса бўлди, дея тор фикрлаш лоқайдлик мевалари бўлиб, бундай ҳолат учта сабаб туфайли келиб чиқади. Биринчиси – қонда зарур витаминларнинг етишмаслиги; иккинчиси – журъатсизлик ва умидсизлик, иштиёқсизлик; 

учинчиси – меҳр, садоқат туйғуларининг пасайиши. Ана шу учта омил туфайли лоқайд кишилар овқатнинг меъёрини ҳам билмай қолишади. Бунда ичаклар фаолияти бузилиб, қариш аломатлари кучаяди. Шунинг учун ҳам лоқайдлар ҳаётсевар кишиларга қараганда 5-6 ёшга кекса кўринадилар. Шунингдек, беғамлик оилада нотинчликка сабаб бўлади. Лоқайдларнинг ҳаракатларида сустлик кучайиб, юзларидан нафосат узоқлашиши мумкин. Улардаги ҳафсаласизлик, бир ишни чала бажариш мавжуд имкониятларни ҳам йўққа чиқаради. Лоқайдлар меъда-ичак касалликларига кўпроқ чалинадилар. Ҳаётдан завқ олиб яшашни истасангиз, уни севинг. Ана шунда сизни ғайрат, оиладагиларга нисбатан меҳр-оқибат тарк этмайди. Ҳаракатчан одамнинг фикри тиниқ, омадли, чеҳраси очиқ ва жозибадор бўлади. Истараси иссиқ бўлганга не етсин! Дангасалик — Дангасаликнинг пайдо бўлиши, асосан, нотўғри тарбияга боғлиқ.

Бундайлар кўпроқ ушалмайдиган ўй-хаёл суриш билан банд бўлиб, очофатликда уларнинг феъл-атворини илонга қиёслаш мумкин. Бундай кишилар овқатни керагидан ортиқ еб, ҳазм қила олмай, жигарни тезда ишдан чиқарадилар. Мазкур хасталик уларнинг юзини буриштириб, фикрини хиралаштириб, фаросатини ҳам ўтмаслаштириб қўяди. Дангасаларда муҳаббат ва мурувват туйғуси паст даражада бўлиб, бировга яхшилик қилишни ўйламайди. Шу боис, улар анчайин қўпол, миннатчи, хиёнатчи, таъмагир бўладилар. Бундай одамлар шафқатсиз ҳам бўлишади.Тиниқ чеҳрали ва мафтункор бўлай десангиз, асло дангасаликка мойил бўлманг. Ўзингизни англаган ҳолда меҳнатда чиниқиб, жўшқинликка, ҳаётсеварликка интилинг. Кечиримли ва ҳимматли бўлинг, ана шунда дилингиз равшан тортиб, саломатлик ва навқиронликка  эришасиз. Жиззакилик-Тадқиқотларга кўра, жиззаки одам омадсиз, омадсиз киши эса жиззаки бўлади.

Бундай инсонларнинг чеҳрасидан назокат кўтарилиб, гап уқмас, муросасиз ва турқи совуқ бўлиб бораверади. Аслида жиззакилик қусури нўноқлик, калтабинлик ва журъатсизлик туфайли келиб чиқади. Бундай инсонларнинг вужудида зарарли, яъни салбий энергия шу қадар кўп йиғилиб қоладики, улар таъсирида мияда қон айланиши бузилиб, фикрлаш қобилияти сусайиб бораверади. Улардаги ақл ишлатишга нўноқлик туфайли юзларидан андиша кўтарилиб, мулойимлик ўрнини сурбетлик, қўполлик, жанжалкашлик эгаллаб олади. Шу боис, жиззаки одам бора-бора психосоматик бузилишга йўлиқади. Унутманг, беш дақиқа бақир-чақир қилган одамнинг иш қобилияти икки баробар пасайиб кетади. Салбий энергия иммунитетни пасайтиргани сабабли жиззакилар касалликка бошқаларга нисбатан икки карра кўпроқ чалинадилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top