3:16

Нега кечирмаймиз?

MP3

Ассалому алайкум оқила опа-сингиллар. Кечиришга қарор қилдингиз, аммо олдингизда тўсиқлар турибди. Биринчидан, инсон кечирмай гина сақлаб юришни ёқтиради. Бу бизга ўзимиз тушунмаган бир тарзда завқ беради. Бошқа томондан эса ўзимизга ачиниш ҳам бизни кечиришдан тўхтатиши мумкин. Бундай одам “Мени ҳаммадан кўпроқ хафа қилишди, энди кечира олмайман!” – дейди. Аммо Римликларга ёзилган мактубда Худо ҳамма нарсаларни Ўзини севганлар учун яхшиликка айлантириши ҳақида айтилган, ўзимизга ачиниш орқали эса, биз ўз ҳукмимизни Худонинг ҳукмидан юқори қўямиз. Аслида, биз шундай айтган бўламиз: “Худойим, бу нарса яхшиликка хизмат қила олмайди, бу ерда бирон нима қилишга Сен ожизсан”. Айбни бировга ағдариш – кечиришни истамасликнинг тез-тез учрайдиган ва унчалик ишончли бўлмаган изоҳидир.

“Мен ҳақ эдим ва нима қилган бўлсам, ўшани қилишга ҳаққим бор эди”, деган ҳиссиёт жуда кўп инсонларнинг кечиримни англаб етишларига ҳалақит беради ва сон-саноқсиз муносабатларни бузади. Бошқаларга нисбатан бўладиган оддий ғазаб кечиришингизга ҳалақит бериши мумкин. Аслида эса, кимдир сизга қилган ишини бошқа бировга ҳам қилишига қарши эмассиз, лекин сизга бундай қилишга қандай ҳадди сиғди! Эфесликларга ёзилган мактубда “Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар”, дейилган. Илтимос, бу сўзлар шунчаки маълумот эмас, амр эканига диққат қилинглар. Мағрурлик – кечиримга йўл қўймайдиган яна бир ҳаракатдир. Мағрурлик шундай дейди: “Бу муносабат менга керак эмас; менга бу инсон керак эмас”. Унута олмаслик – бу ҳам кечирмаслик учун бир сабаб. Унутиш – вазиятни ёдда сақлаб қолмаслик, дегани эмас.

Менимча, унутиш дегани эътибор бермаслик, бирон воқеани бир четга суриб қўйиш, бугунги қувонч ўрнини кечаги хафачилик эгаллаб олишига йўл қўймаслик, деганидир. Унутиш – ўша нарсани токчага олиб қўйиш ва чанг босиб кетишига йўл қўйиш дегани. Яна шунга ўхшаш вазият бўлганда, токчага назар ташлаб, нима қилмаслик кераклигини ёдга олиш ва яна бу нарсани ҳаёлдан чиқариш керак. Унутиш – истакларга берилмаслик ва хафачилик сизни бошқаришига йўл қўймаслик демакдир. Мен бирон мавзуни ўрганаётганимда, одатда Худо бу фурсатдан У билан бўлган муносабатимни ўзгартиришда фойдаланади. Унутишни ўрганиш орқали нимани нотўғри қилаётганимни ва нимани тўғри қилаётганимни кўрдим. Тўғри қилган ишларимда Худо мени руҳлантирди ва нимани тўғрилашим кераклигини кўрсатди.

Энди нимадир юз берганда, бирон нима ўрганиш учун ўтмишдаги хафачиликлар сақланадиган токчага қарайман ва шундай дейман: “Бу нотўғри бўлган экан, лекин Масиҳ бу учун қурбон бўлган”. Кейин уни яна токчага қўйиб, келгуси хафачиликларни енгишга қодир бўлган имон билан яшашда давом этаман. Мен янада яхшироқ инсон бўлишим учун Худо мана шундай ишлайди. “Мен кечиришим мумкин, лекин унута олмайман” дейиш “Мен кечира олмайман” дейишнинг яна бир усули. Кимнидир кечиришга муносиб эмас, деб ҳисоблаш ҳам кечирмасликнинг бир сабабидир. Бироқ, Муқаддас Калом бизга бундай ҳукм қилишга имкон қолирмаган. У “Кечиринглар”, дейди. Тамом! Масиҳнинг кечиримини олиш учун сиз нима қилдингиз? Такрорланадиган хафачилик – кечирмасликнинг классик сабаби ҳисобланади. “Мен сени беш марта кечирдим, шунинг учун энди кечирмайман. Қайта-қайта кечириш билан Исо Масиҳ орқали Худо бизга таклиф қилаётган кечиримни тасдиқлаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top