Ассалому алайкум. Қизлар бўлажак турмуш ўртоғидан, биз аёллар эса эримиздан кутадиган ҳислатларга ўзимиз қанчалик мос кела олишимиз ва қандай қилиб “кўнгилдагидек” инсонга айланишимиз мумкин? Бизнинг ҳиссий ҳаётимиз ҳар доим биздаги фазилатларни акс эттиришини англашимиз жуда муҳим. Кимдир: “Яхши аёл ёки яхши эркаклар бўлмайди”, деса, ўйланиб қоламан: “Эҳтимол, муаммо яхши эркаклар ёки яхши аёллар йўқлигида эмас, балки уларнинг ўзларидадир”. Баъзи одамлар учун бу фикр кучли малҳам бўлиши мумкинлигини тушунаман, лекин гап шундаки, яхши эркаклар ва яхши аёллар фақат яхши аёллар ва яхши эркакларга интилишади. Социологлар доктор Эвелин Дювалл ва доктор Рубен Хилл бу фикрни тасдиқлаб, шундай ёзишган: “Сиз турмуш қурган вақтингизда, турмушингизга нима олиб кирасиз? Янги жавонми? Банк ҳисоб рақамими?
Мол-мулкингиз ёки қарзларингиз қанча бўлишидан қатъий назар, бундан ҳам муҳимроқ нарса бор: бу сизнинг шахс сифатида, одамларга бўлган муносабатингиз ва турмушингизга олиб кирадиган ҳулқ-атворнинг кўринишидир. Турмушингиз қандай бўлиши сизнинг қандай инсон эканингизга боғлиқ. Агар сиз қувноқ, оғир-босиқ инсон бўлсангиз, турмушингиз омадли бўлиш эҳтимоли катта. Агар ҳозиргача мослашишни уддалаётган бўлсангиз, тушкунликдан кўра кўпроқ қониқиш ҳис қилаётган бўлсангиз, демак, сиз эр-хотинлик ва оилавий мослашишни қониқарли даражада уддалаяпсиз. Агар сиз қониқиш ҳис қилмаётган бўлсангиз ва норози бўлсангиз, бахтли ҳаёт ҳамда “фаровонлик” ка умид қилишдан олдин ўзгаришингизга тўғри келади. Дювалл ва Хиллнинг хулосасига кўра, омадсиз турмушнинг энг асосий сабаби номуносиб турмуш ўртоқ танлаш, молиявий муаммолар, жинсий номувофиқлик ёки диндир.
Лекин аслида, уларнинг айтишича, турмушдан қониқмаслик сиз турмушингизга олиб кирган нарслардан келиб чиқади. Уларнинг таъкидлашларича, никоҳга “танлаган инсони учун аҳамиятли жуфт бўлишга тайёр ҳолда кириш зарур. Эр-хотинлик муносабатларидаги муваффақият қувониш, севиш ва севилиш одатларини биргаликда амалга ошириш лаёқатига боғлиқ. Ҳиссий жиҳатдан етук инсоннинг бу фазилатлари сиз никоҳга олиб кирадиган энг яхши хазинадир”. Бу ҳақда Элоф Нельсоннинг “Сизнинг биргаликдаги ҳаётингиз” китобида ҳам тилга олинган: “Эр-хотинликдаги муваффақият – муносиб инсонни топишдан кўра муҳимроқ. Муносиб инсон бўлиш анча муҳим. Шу нарсани англаб етдимки, мен маслаҳат берадиган ёшлар уларнинг жуфти қандай инсонга эга бўлишлари ҳақида ўйламасдан, ўзлари учун мукаммал жуфт излайдилар”. Агар сиз бетакрор инсон билан оила қуришни истасангиз, ўзингиз ҳам ажойиб инсон бўлишингиз лозим.
Шахсиятинингизнинг қайси жиҳатларини яхшилашингиз кераклигини аниқлаш жараёни жуда оддий. Жуфтингизда ўзингиз кўришни истаган сифатлар рўйҳатини тузинг. Кейин, рўйхат бўйича навбат билан ўз сифатларингизни солиштириб чиқинг. Эр-хотинлик фақат “олди-берди” каби келишув бўлиши мумкин; сиз нимани олишни истасангиз, айнан ўша нарсани беришга тайёр бўлишингиз лозим. Бир шифокор айтганидек: “Бахтсиз никоҳнинг фақат иккита сабаби мавжуд – эркаклар ва аёллар”. Биз нимага лойиқ бўлсак, ўшани оламиз. Гарча муболоға бўлсада, излаганимиз билан топганимиз орасидаги фарқ ёзувчи Боб Филлипс таърифлаганидек, ҳақиқатдан йироқ эмас. Ҳар бир эркак мукаммал рафиқани кутади. Унинг доимо гўзал ва қувноқ бўлишини истайди. Бироқ биламизки, аёллар турмуш давомида доимо гўзал бўлиб юришни уддалай олмайдилар. Ундай бўлса нима қилиш керак? Бу саволга жавобни кейинги суҳбатимиздан оламиз.