3:30

Ким безори?

MP3

Қанчалик ачинарли бўлмасин, тажовузкор ҳаракатлар кўп учрайди, аллақачон англаб етганингиздек, болалар ҳам оиладаги муносабатларни кузатиш орқали ўзларини шундай тутишни ўрганишади. Ирсий ақлий қолоқ ва асаб толалари бузилган болалар учун истисно ҳолати мавжуд, лекин одатга кўра, бошқалар устидан масҳара қиладиган болалар кўрган нарсаларини такрорлайдилар ёки ота-оналарининг ҳақоратли муносабатларига тақлид қиладилар. “Reader’s Digest” шундай ёзади: «Аризона Университетининг профессори Крис Босуорт раҳбарлигида олимлар 6-8 синфда ўқийдиган 558 ўқувчи билан суриштирув ишлари олиб борди. Барча қатнашчиларни уч гуруҳга бўлишди. Биринчи гуруҳда 228 ўқувчи бўлиб, улар ҳеч қачон ҳеч кимнинг устидан кулмаган болалар эди. Иккинчи гуруҳ 243 ўқувчидан иборат бўлиб, камдан-кам ҳолларда кимнингдир устидан кулган болалар эди.

Ниҳоят, учинчи гуруҳ ўзларини анчайин тажаввузкор тутган 87 ўқувчидан иборат бўлди. Аёвсиз таҳқирловчилар, деб эътироф этилган болалар ота-оналари томонидан жисмоний жазоланган, босқинчилик ва шафқатсизликни кўрсатадиган киноларни кўп кўрган, энг ёмони уйда ҳам ўзларини шундай тутадиган болалар эди. Уларнинг 32 фоизи ўгай ота ёки ўгай она билан, 36 фоизи эса ёлғиз ота ёки ёлғиз она билан яшайдилар. Безори болаларда одатда ўрнак бўладиган нарсанинг ўзи бўлмайди, улар кўпинча кўча безориси ёки қурол сотадиган одам бўлиб кетишади. Бу эса нима учун бундай болалар ўз қурбонлари каби ёрдамга муҳтож эканини қисман изоҳлайди: кўпгина безорилар атрофидаги инсонларни кузатиш орқали ўзларини шундай тутишни ўрганишган. Бошқаларнинг устидан куладиган болалар шу йўл билан танишлари олдида маълум мавқега эришишга ҳаракат қилишади. Улар одатда дўст орттириш учун ижтимоий кўникмаларни ўзлаштирмаган бўлишади.

Шунинг учун синфдошлари орасида кучини кўрсатиб, бошқаларни қўрқувда ушлашга ҳаракат қилишади. Кўпинча ўзини ожиз ҳис қиладиган, амалларни машаққат билан бажарадиган, мушкул ва ёқимсиз вазиятга тушиб қолган болалар оиласида мавжуд бўлмаган ҳукмронликни тенгдошларининг устидан кулиш орқали ҳис қилишади. Агар ҳаётнинг баланд – пастликларини ҳисобга олган ҳолда мактабда ўзини тўғри тутишга ўргатишса, фарзандингиз ўзига ишонган ва оғир – босиқ шахсни ўзида шакллантира олади. Мутахасисларнинг фикрича безориларнинг қурбонига айланган болалар қуйидаги белгилар билан ажралиб туради: Ўз қадрини билмаслик; Ўзига бўлган ишончнинг пастлиги; Муомала кўникмаларининг етишмаслиги; Ижтимоий «огоҳлантиришлар» ни тўғри қабул қилмаслик; Беқарор ҳиссий ҳолат (уларни осонгина йиғлатиш мумкин); Ўзини ҳимоя қила олмаслик ёки қизиқишларидан воз кечиш;

Ўзига ишонган болалар яқинлари уларни қадрлашларини билади ва бошқалардан кўра камроқ безориларнинг қурбонига айланади. Безорилар ва уларнинг қурбонлари фақат ўғил болалар бўлади, деган нотўғри тушунча мавжуд. Аслида эса ўғил болалар ҳам қиз болалар ҳам синфдошларининг устидан кулишади; шунчаки уларнинг услуби шундай. Ўғил болалар ўз қурбонларига кўпроқ жисмоний азоб беришни ёки ҳақорат қилишни маъқул кўришади. Ўғил болалар кимнидир туртиши, уриши ёки баланд овоз билан ҳақорат қилиш мумкин. Улар буни қўполлик билан қилишади ва атрофида кузатиб турган болаларнинг эътиборидан завқ олишади. Ўғил болалар кўпинча бошқа болаларни таъқиб қилишади, лекин баъзан қизларга ҳам “ёпишишади”. Фарзандингизни таҳқирлашаётганини қаердан билишингиз мумкин? Бу ҳақида кейинги суҳбатлардан билиб оламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top