3:21

Фарзандингизни таҳқирлашмаяптими?

MP3

Ассалому алайкум. Фарзандларни мактабга жўнатгандан кейин, уларнинг бошқалар билан муносабати, синфдошлари ёки катта синфдагилар уларга ёмон муносабатда бўлмаяптимикан, деб ҳавотир оласиз. Баъзи болалар мактабда бўлган тортишувлар ва кўнгилсизликларни айтади, баъзилар эса ота-онасига етказишни истамайди. Бундай пайтда мактабда фарзандингизнинг ишлари ҳаммаси жойида эмаслигини билдириб турадиган аниқ белгилар бўлади. Кўкаришлар, енгил жароҳатлар, йиртилган кийимлар — буларнинг барчаси сизнинг ҳавотир олишингиз лозимлигини билдиради. Бироқ фарзандингизнинг ишлари жойида эмаслигини унчалик билдирмайдиган жиҳатлар ҳам мавжуд бўлиб, уларга эътибор қаратиш учун тажовузкор ҳулқ-атвор синфдошлар ўртасида сиз ўйлаганингиздан ҳам кўпроқ учраб туришини тушунишингиз керак. Эҳтимол, фарзандингиз тушунтириб бўлмайдиган ҳолатни бошидан ўтказаётган, китоб ва дафтарлари йўқолиб қолаётган бўлиши мумкин.

Эҳтимол, у яхши ухламаётгандир ёки иштаҳаси йўқолгандир. Ёки бўлмаса, мактабга бормаслик учун қандайдир сирли баҳоналар ўйлаб топаётгандир. Унинг юриш-туришидаги бу ногаҳоний ўзгаришларга кўз юмиб бўлмайди. Фарзандингиздан сўранг: “Мактаб ҳовлисида ўйнаш сенга ёқадими? Синфда кимнингдир устидан кулишадими? Тушлик вақти қандай ўтади?” Бу саволлар болага ўз фикр ва ташвишларини босиқлик ва осонлик билан айтишига имкон беради. Зўравондан қутулиш учун болага қандай ёрдам бериш мумкин? Битта оптимистик жавоб шуни кўрсатадики, болалар одатда зўравонни ишончли тарзда қандай таслим қилишни билишади. Мактабда зўравонлик ва зўравонлик қурбонлари борасида баъзи изланишлар олиб борилган. Унда бошланғич синфдаги болаларнинг хулқи ва безориларга муносабати ўрганилди.

Бу изланишлар “Учинчи синф ўқувчиларининг тажовузкорона ҳулқи таҳлили” номи остида амалга оширилди. Изланишлар натижасида маълум бўлдики, “учинчи синф ўқувчиларининг деяри барчаси зўравонликка жавоб тариқасида бир хил амални бажаришади: уларнинг ярми бўлган воқеани катталарга айтиб беришади, учдан бир қисми таҳқирлашни бас қилишни сўрашади, қолган 32 % болалар безорилардан узоқроқ юришади. Қолаверса, баъзи болалар, ҳатто улар камчиликни ташкил этса ҳам, таҳқирланганидан кейин, ўз навбатида улар ҳам бошқа болаларга қўпол муомала қилишни бошлашади. Фарзандингизга безори ва зўравонлар билан ўзларини қандай тутиши кераклигини ўргатинг. Агар фарзандингиз таҳқирланиш қурбони бўлганини билиб қолсангиз, нима қилишингиз керак?

Биринчидан, вазиятни тўғри баҳолашингиз лозим. Тўғри, бажаришдан кўра айтишга осон, бироқ бу вазиятда фарзандингизга жаҳлдор ота-она эмас, яхши тингловчи керак. Агар фарзандингиз ғазабингизни ҳис қилса, ҳатти-ҳаракатингизни нотўғри тушуниб, сизни ўзидан норози бўлди, деб ўйлаши мумкин. Ёки бўлмаса, уни янаям ёмонроқ аҳволга соладиган қандайдир гап айтишингиздан қўрқиши мумкин. Иккинчидан, фарзандингиз сиз унинг ҳисларини тушунишингизга муҳтож эканини тан олишингиз керак. Барча тафсилотларни билмай туриб, ҳукм чиқармасликка ҳаракат қилинг. Айблашга шошилманг, лекин фарзандингизни уни диққат билан эшитаётганингизга, уни чиндан тинглаётганингизга, унинг ҳисларини англаётганингизга, унга қанчалик қийин ва ёқимсиз эканини тушунаётганингизга ишонтиринг. Унга ҳар қандай вазиятдан чиқиш йўллари борлигини ва биргаликда ечим топишингизни уқтиринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top