3:21

Худовандга сизнинг заифлигингиз керак

MP3

Ассалому алайкум. Мен аёл сифатида ўзимга қарасам, жасур эмаслигимни кўраман. Кўп ҳолларда ўзимнинг нақадар заиф эканлигимни ҳис қиламан. Бундай ҳолатни замонавий аёллар аллақачон қабул қилмай қўйган. Биз шиддат билан олға интилаётган замонда яшаётган эканмиз, шунга кўра чаққон, кучли ва ақлли бўлишимиз лозим, деган гап ҳар биримизнинг шиоримизга айланиб бўлган. Шу шиор остида яшашга ўрганиб қолдик. Аммо бир зумга тўхтанг. ..биз аёлмизку. Худованд бизни шундай заиф бўлиш учун яратмадими? Яқинда кимдир менга довюраклик билан жасурлик орасида фарқ борлигини айтиб қолди. Унинг айтишича, жасурлик бу қийин вазиятларни қўрқмасдан қабул қилиш бўлса, довюраклик эса қўрқувда бўлсангиз ҳам қийин вазифаларни қўлга олиш экан. Довюраклик ҳақида ўйласам, Гидеон эсимга тушади. Гидеон то фаришта билан учрашгунча, қурқувда ҳаёт кечирди.

Фаришта унинг олдига келганидан кейин, у фариштага ўзининг энг аҳамиятсиз бўлган қабиланинг энг арзимас оиласидан эканлигини эслатиб қўйди. Бу билан у, “Худо менга бундай топшириқ бериши мумкин эмас, сен адашяпсан”, демоқчи бўлди. У бир ўзи бирор ишни қила олишига ишончи комил эмас эди. Бирор нарса кўнгилдагидек бўлмаса, шикоят қилишга уста эди, аммо ишни ўз қўлига олишга келганда ортга чекинарди. Чунки, ишни бажаришдан кўра шикоят қилиш осонроқ-да. Бу топшириқни Худонинг Ўзи бераётганини эшитгач, у Худодан белги беришини сўради. У чиндан ҳам Худо уни танлаганига ишонч ҳосил қилмоқчи эди. Худованд Гидеонга белги кўрсатганидан кейин, у Баалнинг қурбонгоҳини бузиб ташлайди. Аммо, шаҳар аҳолиси ва ўз оиласидагилардан қўрққани учун буни кундузи эмас кечаси бориб бузади. Ғазабланган шаҳар аҳолиси, унинг олдига келганида, отасидан ҳимоя кутади. Гидеон довюрак эмас эди.

Гидеоннинг ҳикоясини ўқиб туриб, унинг қилмишлари ва иккиланишларини танқид қилиш осон. Аммо биз ҳам шубҳаланамиз-ку, тўғрими? Худованд олдимга имконсиз нарсаларни қўйганида мен ҳам иккиланганман, шубҳаланганман, “Худованд бундай қилолмайман. Бу менинг қўлимдан келмайди. Мен Сен ўйлаганчалик кучли ва қобилиятли эмасман”, деган пайтларим бўлган. Аммо Худога шукурки, Худованд бизнинг кучимизга, жасурлигимиз ёки жисмоний қобилиятларимизга қарамайди; У бизнинг Ўзига суянишимизни хоҳлайди. Худованд Исроил халқини Гидеоннинг қўли билан қутқармоқчи эди, Гидеон эса бунга далил сўради. Бу ҳикояга қарасак, Гидеон ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиган инсонлигини кўрамиз. Агар унинг ҳолатига кириб кўрсангиз, шундай савол туғилади: Гидеон нима учун Худодан қайта-қайта далил кўрсатишини сўради?

Ўзим ҳақимда ўйлайдиган бўлсам, мен ҳам бундай қийин вазиятларда, Худодан, дўстларимдан ёрдам сўрайман. Худованд менга ишонч беришини истайман. Худованд менинг қурқувимни тушунади. У менинг заифлигимни билади ва Гидеон билан қилгандек, менга ҳам дадиллик беради. Заифлигим ва қўрқувим учун У мени койимайди ва таъна ҳам қилмайди. Худованд менинг тупроқ эканимни тушунади. Худованд Гидеон сўраган ҳамма белгиларни берганидан кейин, уни Исроил халқини жангга бошлашга тайёрлайди. Жанг қилиш учун 22 минг киши тўпланди. Бироқ, Худованд булар ҳаддан ташқари кўп, деди. Бундай сонли лашкар билан Исроил халқининг ўзи душманга бемалол бас кела оларди. Хўш, нима учун Худованд 22 минг сонли аскарни атиги 300 кишига туширди? Бу саволга жавобни кейинги суҳбатимиз давомида оламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top