Ассалому алайкум хурматли радио тингловчилар. Сизлар билан радио орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннадормиз. Азиз тингловчилар бугун сизлар билан мехмондорчилик хақида сухбат олиб бормоқчимиз. Халқимизда шундай гап бор: “мехмони бор уйдан барака аримайди”, дейди халқимиз. Бизнинг халқимиз шундайки ўзи емаса хам боласига едиради, агар мехмон ташриф бюурса мехмонларни иложи борича хурсандчилик билан кутиб олиб, хурсандчилик билан кузатишга харакат қилади. Биз хар биримиз шундай юртда яшаётганимиз билан мақтансак арзийди. Албатта бундай иъномни бизга Худованд юқоридан берганига шубха йўқ.
Муқаддас китобдан биз меҳмондорчиликка аталган кўплаб оятларни ўқишимиз мумкин. Агар Раббимиз мана шу мавзуга эътибор қилган бўлса, демак бу жуда муҳим бир сифатдир, Худовандга ёқадиган бир фазилатдир. Худованд мана шу нарсани, яъни меҳмондорчиликни, меҳмондўстлигимизни бизда, Ўз фарзандларида намоён бўлишини истайди. Чунки мана шу фазилат Хушхабар ёйилишида катта рол уйнаган хозир ҳам уйнайди. Муқаддас китобда ёзилганидек: “Юборилмасдан туриб, Каломни қандай тарғиб қиладилар? Тавротда ёзилганидек: “Нақадар гўзалдир… тинчлик Хушхабарин келтирган оёқлар!”. Худди мана шу оёқлар меҳмодорчилигимизга муҳтождирлар. Биламизки, Раббимиз, Унинг шогирдлари, илк бор масиҳийлар жуда кўп юриб Хушхабар айтардилар, янги жамоатларни ташкил қилардилар. Ўша пайтда ҳам меҳмонхоналар бўлган, бироқ улар қиммат бўлган ва фохишалар борлиги туфайли кўпинча бошқа нарсалар учун хизмат қилардилар. Тўғри хозир бундай эмас, лекин мен бошқа юртга борганимда биродарларнинг уйларида тунашга ҳаракат қиламан. Масалан кичкина қишлоқларда ҳам меҳмонхоналар йўқ.
Мен бошқа бир юртга, мактабгача бўлган болалар билан қандай ишлаш кераклигини ўрганишга борганимда биз дам олиш масканида жойлашган эдик. Учта биродарим бир ёки икки кундан кейин кетишлари керак эди, чунки чипталари шунақа эди. Ташкилотчи эса уларга жой топиш билан икки кун овора бўлди. Бу биродарга телефон қилади, унисига. Кимдир қиммат нарҳни айтади, кимнингдир уйида қулайликлар яратилмаган. Хуллас ўша биродарлар ўша дам олиш масканида қолишди. Мен жуда хайрон бўлдим. Яхши ҳам ўша жойда менинг дўстларим бор эди. Улар мени аэропортда кутиб олиб уйларига олиб боришди, меҳмон қилишди, менга катта ғамхурлик кўрсатишди. Вақтлари бўлмаса ҳам ўша дам олиш масканидан ўз мошиналарида уйларига олиб кетишди ва кетадиган кунимда аэропортга олиб бориб таможнядан ўтганимгача қараб туришди. Мен ўзимни жуда ноқулай сездим, лекин ичимда жуда хурсанд ва Худовандим менга берган биродарларим учун миннатдор эдим.
Шундай қилиб, бир биримизга эътиборли бўлайлик, бир биримизга чин юракдан хизмат қилайлик. Чунки ҳамма инсонлар, айниқса биродарларимиз, биз ўзимиз ҳам мана шундай меҳмондорчиликка муҳтожмиз. Юракларимизни билгувчи ва кўрувчи Худованд эса ҳаммангизни баракаласин ва марҳаматласин. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин. Келгуси эфиргача хайр соғ саломат қолинглар.