Ассалому алейкум ҳурматли радиомуҳлислармиз! Радиотулқинларида сизлар билан яна мен Ғолиббекман. Эски аҳд даврида меҳмондорчиликка жуда катта аҳамият берилар эди. Буни биз Таврот китобларидан, Сулаймоннинг ҳикматларидан ҳамда янги аҳд китобларидан билиб олишимиз мумкин. Меҳмондорчилик анъаналари — яҳудий халқ маданиятининг муҳим қисми хисобланарди. Айниқса келгинди одамларга, мусофирларга нисбатан бўлган меҳмондўстликка жуда катта эътибор бериларди. Эски аҳдда бундай меҳмондорчиликнинг кўплаб мисоллари мавжуд. Деярли ҳеч қандай ҳуқуҳларга эга бўлмаган ва қонундан ташқарида бўлган мусофир меҳмон сингари оила ёки қабила ҳимоясида бўларди.
Одатда меҳмонларни меҳмонлар учун ажратилган хоналарда хонадоннинг хизматчилари кутиб олишарди. Уйнинг хужайини эса ўша хонага кириб меҳмонни қаршиларди ва хизматчиларига меҳмоннинг оёғларини ювишни ҳамда бошига мой қўйишни буюрарди. Мусофирни энг яхши жойга ўтказиб энг зўр таомларни тортишарди. Меҳмон еб ўтирган пайтда мезбон олдида туриб ҳаммаси етарлими йўқми деб қараб турарди, токи меҳмоннинг барча хоҳишларини бажариш учун. Мана бундай меҳмондорчиликни ўрганса бўлади!
22 Забурда эса Худонинг Ўзи мезбон сифатида Ўзини намоён қилади. “Ёвнинг кўз ўнгида менга дастурхон тузагансан, хушбўй мой ила мойлангансан бошимни, лим лим тўлдиргансан косамни.” Қудратли Худованд кўрсатган меҳмондорчиликни биз ҳам кўрсатишимиз керак деб ўйлайман. Чунки биз Унинг фарзандларимиз ва ҳар доим Унга ухшаган бўлишга интилишимиз керак.
Эсингизда бўлса ҳаворий Павлус ҳар бир шаҳарда хизматчиларни, яъни нозиру оқсоқолларни тайинлашни буюрган эди. Биринчи Тимўтий мактубининг учинчи бобида шундай ёзилган: “Агар ким имонлилар жамоатининг нозири бўлишга интилса, хайрли иш орзу қилган бўлади. Бу тўғри. Фақат шарт шуки, нозир беайиб, бир хотинли, ўз меъёрини билувчи, вазмин, адабли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлсин” Меҳмондўст сўзига эътибор беринг. Яна Титусга мактубининг биринчи бобида шундай ёзилган: “Чунки имонлилар жамоатининг нозири Худо хонадонини бошқарувчи сифатида бенуқсон бўлиши керак. Ўзбошимча, ғазабли, шаробга мойил, тажанг, ғаразгўй бўлмасин. Аксинча, меҳмондўст, хайрихоҳ, вазмин, одил, пок кўнгилли ва нафсини тиядиган одам бўлсин”. Демак меҳмондўстлик фазилати жуда муҳим фазилатдир. Ушбу фазилатга нафақат ҳар бир хизматчи эга бўлиши керак, балки ҳар бир масиҳийдир. Меҳмондўст бўлиш қийин эмас деб ўйлайман. Дастурхонга борини қўйиб меҳмонни очиқ чеҳра ва ширин сўз билан кутиб олсангиз зўр меҳмондорчилик кўрсатган бўласиз деб ўйлайман. Бунинг учун чиройли уй керак эмас, балки чиройли, кенг ва севадиган юрак керак холос.
Шунинг учун келинглар, азиз биродарлар, меҳмондўстликни унутмайлик. Худонинг ажойиб ваъдасини яна бир бор сизларга эслатмоқчиман. “баъзи кишилар меҳмонларимни яхши кутай, деб билмасдан фаришталарни кутганлар”. Шу билан бугунги мавзуимизга якун ясаб сизлар билан хайрлашамиз. Раббимизнинг инояти сизларга ёр бўлсин! Ҳайр соғ саломат қолинглар.