Ассалому алайкум радиоэфиримизнинг қадрли муҳлислари. Бугун мен суҳбатга ота-оналарни таклиф қилаётиб, сизлар билан ўз фарзандларимиз ҳақида сўз юритмоқчиман. Биласизларми, ҳар биримиз ҳаётда кимгадир суянамиз, қаттиқ ишонамиз. Қайси фазилатлари учун биз мана шу инсонларга ишонамиз, ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? Қайси ишлари, қайси сўзлари учун биз уларга ишонч хосил қиламиз?
Агар болаларимизга келсак, улар кимга суянишлари керак, кимга ишонч хосил қилишлари керак? Албатта, биринчи ўрнида Худованд булмоғи лозим. Инсонлардан эса улар ўз ота-оналарига ишонч билдиришлари керак деб ўйлайман. Сизнинг фарзандларингиз сизларга бутунлай ишонишлари, сизга суянишлари, сизда паноҳ топишлари мумкинми, нима деб ўйлайсиз? Албатта, деб жавоб берасиз сиз. Лекин сизнинг болаларингиз бу ҳақида биладиларми ёки йўқми?
Менинг бир танишим шундай дер эди: “Болаларингизни улар ухлаганда упинглар, бўлмаса улар эркаланиб кетадилар”. Энди мен аниқ биламан, бу гап нотўғрилигини. Чунки фарзандларимиз бизлар уларни яхши кўришимизни билишлари, ҳис қилишлари, эшитишлари ҳам керак. Буюк бўлган Худованд Ўз Каломида бизларни севиши ҳақида жуда кўп маротаба айтади. Буни айтишга чарчамайди ҳам. Агар Муқаддас китобдан севги сўзини олиб ташлайдиган бўлсак, унинг маъноси йўқолади, юраги йўқ одамга ухшаб қолади.
Биз Отамиз бўлган Худовандга ишониб, Унга ҳар қандай вазиятда суянишимиз мумкинми? Албатта, чунки Худонинг севгиси шартсиз. Биз эса болаларимизга шарт қўямиз, балки сўзлар билан эмас, бизнинг ҳаракатимиз билан шуни билдириб қўямиз. Боламиз мактабдан яхши баҳоларни олиб келса ёки қандайдир мусобақада ғалаба қилса, биз унга бошқача муносабат билдирамиз. Акс ҳолда, урушиб, уни камситиб ҳам қўямиз.
Бир куни ўғлим мактабдан хафа бўлиб келди. Сабабини билсам, контрол ишдан тўрт баҳони олди. Мен унга шундай дедим: “Ўғлим, мен сени барибир яхши кўраман”. Унинг жавоби мени жуда руҳлантириди, чунки у “мен буни биламан” деб айтди. “Мен сени нима бўлса ҳам барибир севаман, сен менга бутунлай ишонишинг мумкин” деб болаларимга кўп айтаман. Агар биз мана шу сўзларни оиламизда бир биримизга кўпроқ айтиб турганимизда эди, қандай ажойиб ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин!
Энди эса эсланг, охирги марта сиз фарзандингизга қачон севги исхор қилгансиз? Агар Худоимиз бизга буни ҳар куни Ўз Каломи орқали эслатаётган бўлса, демак биз ҳам болаларимизга буни айтишни эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Ушанда муносабатларингиз яхши, мустаҳкам бўлишнинг гувоҳи бўласиз. Болангиз хафа бўлиб келганда, сиз уни севишингизни, сизга бутунлай ишонишингизни унга айтинг. Шу билан бугунги суҳбатимизга нуқта қўйиб келгуси радиоэфиримиз орқали учрашгунча ҳайр саломат бўлинглар!