2:57

Охиригача биргаман

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз биродарлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худованд Отамизга шукуроналар айтамиз. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек бир неча дақиқа давомида сиз азизлар билан бирга бўламан. Азиз радио тингловчи, Раббимиз Масих Осмонга кўтарилиб Ўз Отасининг ёнига кетиш арафасида сиз билан менга шундай амр берган эди.

Менимча хар бир Масихий киши ушбу амрни бир неча бор ўқиб кўрган. Ушбу амр Матто Хушхабарининг охирги бобларида шундай ёзилган: Исо уларга шундай деди: “Менга осмонда хам, ерда хам бутун хокимият берилгандир. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Рух номи билан сувга чумдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган хамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар.

Мана, Мен хар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Омин. Албатта кимдир айтиши мумкин, ушбу сўзларни Раббимиз ўша даврдаги шогирдларига қарата айтган деб. Бу хам нотўғри эмас. Лекин Масих олдида барча гунохларимизга иқрор бўлганимиздан сўнг сиз хам, мен хам Унинг шогирдига айланамиз, демак ушбу гаплар сиз ва менга хам тегишлидир. Дархақиқат Раббимиз бизларга ажойиб буйруқни берди.

Барча халқлардан шогирд орттириш кераклигини алохида такидлаб ўтди. Хозирги кунда дунё масихийлари бир мухим нарсага ўз эътиборларини қаратишяпти десак муболаға бўлмас. Яъни шогирд орттириш хизматига, сабаб шогирдлик орқали тез ва сифатли равишда бутун дунёга Хушхабар тарқалиши мумкинлигини кўпчилик биродарларимиз тушунган кўринади. Шогирд орттириш эса халқ танламаслиги лозим. Сабаб нажот барча халқлар учундир.

Тўғри, бугунги кунда масихийлик айрим муаммоларга дуч келяпти десак адашмаган бўламиз. Турли мамлакатларда турлича қўвғинлар мавжуд. Айниқса Ўрта Осиёда бу муаммо бироз кучлироқдир. Лекин Худога шукур қанчалик муаммо кучайса шунчалик Худонинг шогирдлари кўпайиб бормоқда. Ва шунчалик Хушхабар дунёга таралмоқда. Яна бир мухим нарсани эслатиб ўтишни ўзимизга жоиз деб билдик.

Раббимизнинг охирги гапларига бир эътибор қаратайлик. “Мен хар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Хар бир Масихнинг шогирди шуни яхши билиши керак деб ўйлаймиз. Раббимиз хар куни хар биримиз билан бирга экан. У хеч қачон хеч бир инсонга эътиборсиз бўлмайди. Дунёни яратган Худованд хар биримизни душмандан химоя қилишга қодир. У ўзгармас Худо. Унинг қудрати ва кучи хали хануз ўшадир.

Азиз радио тингловчилар. Хар бирингизга тинчлик ва хотиржамлик тилаган холда бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчимиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top