Ойдин, булутсиз кечада юлдузларга бир кўз ташланг. Бутун осмон бўйлаб ёйилган Сомон Йўли – 100 миллиарддан кўпроқ юлдузлардан ташкил топган галактикадир. Олимларга бизнинг галактикамизга ўхшаш миллионлаб галактикаларнинг мавжудлиги маълум, шунинг учун бутун дунёдаги денгизларнинг қирғоқларида қанча қум заррачалари бўлса, коинотда хам шунча юлдуз бор деб ҳисоблаш мумкин. Забурни куйлаган ҳофиз шундай дейди: “Кўк Худованд каломи билан бунёд бўлган, барча осмон лашкари Унинг амри ила яралган, зеро У сўзлади, худди айтганидай бўлди” Бу ўша айнан Муқаддас Китобда У ҳақда ваҳий берилган Худодир. Муқаддас Китоб Худонинг мавжудлигини исбот қилишга уринмайди, у Унинг ҳақида ваҳий беради.
Муқаддас Китоб Худо ҳақида мана бундай дейди: “ХУДО РУҲДИР” Кўпчилик одамларга воқелик ҳақида моддий нарсаларга ва ҳодисаларга алоқадор бўлмаган ҳолда фикр юритиш қийин. Бизни ўраб турган ҳамма нарсани биз кўришимиз ва ушлашимиз мумкин. Бироқ энг улуғвор воқелик бўлмиш Худони на кўриб бўлади ва на ушлаб, чунки У – Руҳдир. Муқаддас Китоб Колосаликларга мактубининг биринчи боби ўн бешинчи оятида, У ҳақда “Кўринмас Худо” сифатида сўз юритади. Раббимиз Исо Масиҳнинг Луқо баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 24:39 оятида қайд этилган сўзларидан Руҳ бадан шаклига эга эмаслиги ғоят ойдин кўринади. Ҳеч ким ҳеч қачон руҳни асл ҳолида кўрмаган, бошқача қилиб айтганда, руҳ қандайдир ташқи қиёфага эга эмас. Худо – Руҳдир, бироқ У шунчаки бир мавҳум, шахсиятсиз куч бўлмай, билувчи, фикрловчи ва ҳаракат қилувчи хамдир.
Мана шу айтган гапимиз Муқаддас Китобнинг инсон Худо тимсолида яратилган дейишига йўл қўяди. Худо ҳар қандай бошқа руҳдан фарқ қилади, чунки У чексиздир. Бошқа ҳар қандай руҳларни У яратган, ва улар чегараланган. Худо эса ҳеч нарса билан ва ҳеч нарсада чегараланмаган. Бу хақида Дониёр китобининг 6 боби 26 ояти бизларга эслатади. “Абадий” сўзи “чексиз” сўзидан кўра улуғроқ бир нарсани англатади. Баъзи ҳодисалар вақт билан чекланган бўлсада, фазода чексиз бўлишлари мумкин. Худонинг бошланиши йўқ ва охири ҳам бўлмайди. Худди шу маънода абадийдур. Забур китоби бизларга айтадики: “Азалдан ва илалабад Сен Тангрисан”. Ҳар қандай бошқа руҳнинг бошланиши бўлган, чунки уни Худо яратган, бироқ Худонинг Ўзини ҳеч ким ва ҳеч нарса, хеч қачон яратмаган ва дунёга келтирмаган. У ўзини дунёга келтирувчи ички абадий моҳиятга эга.
“Мен – Ибтидо ва Интиҳодирман”, — дейди Худойи Таоло, ҳозир бор, азалдан бор бўлган, келажакда бор бўлғуси Сарвари коинот”. Худованд ўзгармас, Худо – комил, ва шу сабабли У ўзгариши мумкин эмас. У азалдан қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича қолган ва ҳар доим шундай бўлади. Ўзгарувчанлик чекланган мавжудотларга ва нарсаларга хосдир. Чексиз, абадий Худо Ўзининг мутлақ комиллигида қандай бўлса, шундайлигича қолади. У шундай дейди: “Мен – Худовандман, Мен ўзгармайман”. Бу хақда Малакиё 3:6 хамда Ибронийларга 13:8 ва Ёқуб китобининг 1:17оятларида хам ўқишимиз мумкин. Хурматли радио тингловчи мухлислар, хар биримиз Худони таниб билиб борганимиз сари У Ўзини бизга кўпроқ намоён қилади.