Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Азизлар ,яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Буюк Худовандимиз ер юзидаги барча инсонларнинг нажот топишини ва Ўзи билан бирга жаннатда бўлишимизни истайди. Унга ишонгаларга эса У аллақачон шайтоннинг устидан, қолаверса дунёдаги ёвуз кучлар устидан ғалабани берди.
Бу дегани бўлди, бизларда энди ҳеч қандай муаммо йўқ, энди ҳар бир художуй инсон тинч яшайди дегани эмас. Биз азизлар сиз билан ҳали кўп васвасаларни ва синовларни енгиб ўтишимиз керак. Бунинг учун эса Раббимиз Исо Масиҳ доимо ҳар биримизни қуллаб қуватлайди. Ҳар бир тавба қилиб Худованддан кечирим олган инсон энди янги ижоддир.
Шунинг учун ҳам янада Худованд берган ғалабани кўпроқ қўлга киритишимиз учун ҳаракат қилиб курашмоғимиз лозим. Чунки ҳар биримиз шайтон мавжуд бўлган ва васвасага тўла дунёда яшаяпмиз. Ғалабага эришиш учун эски ҳаётимиздаги гуноҳлардан воз кечиб, Худованд кўрсатган янги йўлдан юрмоғимиз керак. Исо Масиҳ бу ҳақида нима деди. Келинг азизлар сиз билан биргаликда Муқаддас китобга мурожаат қилсак.
Юҳанно баён этган Хушхабар мактубининг 8 бобидан айрим оятларни кўриб чиқсак. “…Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқай шогирдларим бўласизлар.Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади”. Демак Раббимиз айтадики ҳар бир шогирд бўлишни истаган масиҳий инсон Унинг Каломига риоя қилмоғи лози.
Шу орқали ҳар биримиз ҳақиқатни билиб оламиз. Ана шу ҳақиқат эса ҳар биримизни дунёдаги ёвузликдан ва турли гуноҳлардан озод қилади. Демак Раббимиз Исо бизни гуноҳда яшамаслигимиз кераклигини айтиб огоҳлантирди.Тўғри биз гуноҳларимиз учун Унинг олдида тавба қилганмиз, Ота эса Ўз Ўғлининг қони орқали гуноҳларимиздан озод қилди.
Эфесликларга мактубининг 2 боби 8 ҳамда 9 оятлари айтган гапларимизнинг тасдиғидир. Жумладан шундай ёзилган: “Ха, сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутилгансизлар. Бу Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна хеч ким мен савоб ишларим туфайли қутилганман, деб мақтанмасин”. Азиз биродарлар, айнан Худованднинг мана шу инъоми учун қанчалик миннатдорчилик билдирсак ҳам камдир. Фараз қилинг, агар Худованд ҳар биримизни озод қилмаганида ҳозирги кунда қай бир аҳволда бўлардик. Сир эмас ҳозирги кунда баъзи муаммолар орқали эски ҳаётга қайтган биродарларимиз ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам Худованд ҳар биримизга Ўзининг ғалабасини ва кучини беришни истайди. Муқаддас Китоб айтадики охиригача чидаган қутилади. Азизлар, яна озгина қолди. Раббимиз Ўзи белгилаган вақтдан кечикамай келади. Шу пайтгача ғалабани ўз қўлимизда тутиб турайлик. Шунда ҳар биримиз бошимизга ғалаба тожини киямиз. Шунинг билан азизлар бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна эфир орқали учрашгунча хайр омон бўлинглар.