MP3

Ассалому алейкум қадрли муҳлисларимиз. Сизлар билан мана шу қисқа вақт ичида яна мен Ғолиббек. Бир доно одам шундай деган: “Кўзлар бу қалбнинг ойнаси”. Дарҳақиқат, инсоннинг кўзлари ўша инсон ҳақида кўп нарсани айтиши мумкин. Инсоннинг юзига қараб у қанақалигини деярли адашмасдан айтишимиз мумкин деб ўйлайман. Меҳрибон одамнинг кўзлари унинг меҳрибонлиги ҳақида гапиради, қупол, жаҳлдор ёки хасис одамнинг кўзлари ҳам худди шуни тасдиқлайди. Нима учун инсоннинг юзига қараб биз уни қанақалигини айтишимиз мумкин? Чунки кўпинча инсоннинг юзи унинг борлиғини, ички дунёсини, характерини тасвирлайди.

Баъзи одамларнинг юзига қараб нафақат уларга гапиришга хатто яқинлашишга ҳам қўрқасиз. Чеҳраси очиқ инсон билан эса мазза қилиб гаплашишингиз мумкин. Шундай эмасми? Нима учун инсонлар қупол, жаҳлдор, мағрур бўлишни ёки шундай кўринишни хоҳлайдилар? Характернинг бу сифатлари кимгадир қачондир қандайдир фойда келтирганми? Асло йўқ. Уйимизнинг атрофида бир нечта дукон бор. Баъзи дуконларда яхши, мулойим сотувчилар ишлайдилар, баъзиларида эса қупол ва жаҳлдор. Нима деб ўйлайсиз, қайси бирига одамлар кўпроқ кирадилар? Албатта яхши персонал ишлайдиган дуконга. Худди шу нарсани аҳолига хизмат кўрсатадиган бошқа жойларда ҳам кўзатишимиз мумкин. Баъзи одамлар кичкина лавозимга эга бўлсаларда ўзини худди подшоҳдай ҳис қиладилар ва ўзини шундай тутадилар. Пули кўп одам ҳам худди шу сингари йўл тутади. Лекин билмайдики, у ҳам бир куни оғир аҳволга тушишини ёки ҳамма бойликларидан маҳрум бўлишни.

Худованд барча одамларнинг ташқи кўринишга эмас, юрагига қараганидек биз ҳам иложи борича худди шундай қилишга интилишимиз керак. Муқаддас китобда Худованд мағрурларга қарши, аммо камтарларга иноятлидир деб ёзилган.

Баъзи инсонлар, улар ўзларини мағрур тутсалар ёки бошқаларга менсинмасдан муомила қилсалар, ҳамма уларни ҳурмат қилади ёки қўрқади деб ўйлайдилар. Лекин улар қаттиқ адашадилар. Бу уларнинг тарбиясизлик, маданиятсизлигидан дарак беради. Муқаддас китобда ёзилганидек, Худованд бизни Ўз суратига кўра, Ўзига ўхшатиб яратган. Қачонки биз қупол муомила қилсак, бошқаларни ҳурмат қилмасак, албатта Худони олқишлайдиган бўлмаймиз, аксинча Унинг шаънига путур етқазамиз. Ибтидо китоби иккинчи бобининг ўттиз биринчи оятида шундай ёзилган: “Худо бутун яратганларига қараб, ҳаммасининг жуда яхши эканини кўрди”. Бироқ шуни унутмаслигимиз лозимки, инсонни Худованд Ўзига ўҳшатиб илоҳий суратда яратди. Бу албатта, биз барча жониворлардан ҳамда ҳайвонлардан катта фарқ қиламиз дегани. Инсон бу буюк ном. Келинглар, мана шу номга лойиқ яшайлик, манманлигимизни бир жойга йиғиштириб қўйиб самимий бўлайлик. “Бу дунёда бойлик топган одамларга мағрурланмасликни ва бевафо бойликка умид боғламасликни буюр. Завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл кўл эҳсон этган барҳаёт Худога умид боғласинлар. Яхши ишларга бой, хайрихоҳ, саҳий ва ҳаммага улфат бўлсинлар. Келажакда ҳақиқий ва мангу ҳаётга эришмоқ учун, ўзларига соғлом таянч бўладиган маънавий хазина тўпласинлар”, деб биринчи Тимўтийга мактубининг олтинчи бобида ёзилган. Шу тилаклар билан бугунги мавзуимизни якунлаймиз. Менга ажратилган вақт ҳам ўз ниҳоясига етиб, сизлар билан азиз радиомуҳлислар хайрлашиб қоламиз. Хайр омон қолинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top