Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиз учун Отамиз Худовандга миннатдормиз. Чунки фақатгина Унинг хоҳиш ва иродаси бўлсагина бизда шундай имконият мавжуд бўлади.
Микрофон олдида мен Ғолиббек. Худованд Ўз Ўғли Исо Масиҳни ер юзига юборганида, У одамлар орасида яшаб Осмон Шоҳлиги ҳақида барчага гапирилишини хоҳлаган эди. Раббимиз Исо Масиҳ биз яшаётган гуноҳкор дунёга келди. Бизнинг ота-боболаримиз билан бирга яшади.
Шу билан бирга Худованд амр этган барча буйруқларни имкон қадар адо этди. Азизлар, худди шу каби Отамиз Худованд бизга ҳам бир муҳим вазифани амр этган. Яъни бутун дунёдаги инсонларга Хушхабарни етқазиш амри. Хушхабар айтишни худди деҳқонни далага уруғ сепишига ўхшатсак бўлади. Уруғ сепувчининг асосий вазифаси ўз вақтида ерга уруғ сепишдир.
Қолганини эса бошқалар давом эттиради. Масалан: ёмғир ёғади, қуёш порлайди, уруғ эса ўзига керакли озиқларни ердан олади. Шундай қилиб экилган уруғ кўкариб ўсимликка айланади. Худи шу каби кимдир қайсидир жойда Хушхабар айтса, Худованднинг Ўзи қолгани тўғрисида ғамхурлик қила олади. Вақти соати келганида ҳосилини кўришингиз мумкин.
Агар биз билан қандайдир хурсандчилик содир бўлса дарров кимгадир айтишни хоҳлаймиз. Токи бошқалар ҳам бизнинг хурсандчилигимизга шерик бўлсин. Демак биз қачонлардир Раббимиз Исо Масиҳга ишонганимизда ҳаётимиздаги энг қувончли воқеа бўлган. Айнан шу ҳақида бошқа инсонларга, яқинларимизга гапириб беришимиз мумкин.
Тўғри, баъзи инсонлар буни тушунмаслиги мумкин. Кимдир ҳатто ҳақоратлаб, сизни жазолашга ҳам уруниши мумкин. Лекин ишонинг азизлар, вақти келиб Худованд Ўз ишини амалга оширади. Худованднинг сўзлари бекорга самога қайтиб бормайди. Кимки Худованднинг сўзларини эшитган бўлса, албатта Худованд вақти келиб унинг юрагида ишлайди.
Кимдир айтиши мумкин мен нима гапиришни билмайман деб. Раббимиз Исо Масиҳ айтганидек: “Нима айтишингиз кераклиги, ўша онда сизларга уқтирилади”. Ҳар бир Масиҳга ишонадиган инсон ўз хоҳишларига кўра эмас, балки Худованднинг иродаси бўйича яшамоғи керак. Шундай қилганимизда, доимо Худованд ҳаётимизда қилган ўзгаришларни, муъжизаларни бошқаларга гапириб беришга тайёр бўламиз.
Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Худованд сизни қандай хизмат бўйича ишлатишни хоҳласа нолимай рози бўлинг. Шунда Худованднинг марҳамати доимо сизнинг устингизда бўлади. Азизлар, шу билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда, сизлар билан хайрлашар эканмиз, омон бўлинглар деб қоламиз.