Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи ота-оналар. Агар болаларимизга тоққа боришни ёки бирон бир паркка бориб сайр қилишни въада қилсак, улар шу кунни сабрсизлик билан кутишади.
Сабаби, бу болаларимиз учун жуда ёқадиган ишдир. Худди шундай сабрсизлик билан кутадиган муҳитни уйда ҳам яратишга ҳаракат қилиб кўрганмисиз? Масалан, оилавий сокин вақтни бирга ўтқазишга ҳаракат қилганингизда болаларнинг реакцияси қандай бўлади? Албатта ҳамма болаларни ёки оилаларни бир хил деб айта олмаймиз.
Лекин кўпинча болалар тезроқ ҳамма нарсани тугатиб ўйнашни ёки ўзига ёққан иш билан шуғулланишни ёқтиришади. Азизлар, эрталабки оилавий сокин вақтни ўтқазишдан олдин болаларнинг ёшини ҳам, энг муҳими улар кўп вақт сабр қилиб катталардек ўтира олмаслигини ҳисобга олиш яхши бўлар эди. Эрталабки сокин вақтни шундай тайёрлаш керакки, болаларимиз чин юракдан Худованднинг олдига келсинлар.
Майли бироз болалар билан турли ўйинлар ўйнанг, қувноқ қўшиқлар айтинг. Умуман олганда уларда сокин вақтни сиз билан бирга ўтқазиши учун хоҳиш уйғота олинг. Кўпинча сокин вақтни ҳаммамиз эрталаб қилишга ўрганиб қолганмиз. Бу яхши одат, лекин кўпчилик эрталаб жуда шошилади. Кимдир мактабга, кимдир ишга, шунинг учун ҳам шошилган ҳолда сокин вақтни ўтқазиш ҳеч биримиз учун фойдали бўлмаса керак.
Энг яхши пайт ҳаммамиз ишдан, ўқишдан келиб кечки овқатни еб бўлган пайтимиз ёки болаларимиз ухлашга ётишларидан олдинги вақт бўлса керак. Сабаби, ҳеч ким ҳеч қаерга шошилмайди. Бу бизларнинг таклифимиз холос. Вақтни қандай белгилаш албатта сизнинг ўзингизга боғлиқ. Агарда оила аъзоларингиздан кимдир баъзи пайтларда оилавий сокин вақтда иштирок этишга вақти тўғри келмаса, тўхтатмай давом этинг.
Балки ота ёки она ишда бўлиши мумкин. Шундай вақтларда ҳам оила аъзоларнинг бошқалари давом эттириши мумкин. Албатта сокин вақт давомида бошқарувчининг кайфияти аъло даражада бўлиши керак. Сабаб, бу кўпчиликка таъсир қилади. Ахир Худованд ҳам бизларни доимо хурсанд бўлишимизни истайдику. Доимо оилада Худованд билан бўлган муносабат жуда муҳим. Чунки болаларимиз биздан ўрнак олишади.
Сокин вақт ва оилавий йиғилишлар болаларимизнинг имонда мустаҳкам бўлишлари учун катта ёрдам бўлади. Бу эса болаларимизни турли гуноҳлардан сақланишлари учун Худованд томонидан берилаётган паноҳдир. Азизлар, болалар тарбиясидек маъсулиятли хизматда Худованд ҳар биримизга Ўз донолигини берсин. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.