Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сиз азиз биродарларимиз билан радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бениҳоят миннатдормиз. Азизлар, сизлар билан юзма-юз кўришишга имконият бўлмасада, юракдан яқинлигимизни ҳис этиб турибмиз. Бугун сиз ҳурматли биродарлар билан мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман.
Раббимиз Исо Масиҳнинг тўкилган қони тўғрисида кўп маротаба эшитганмиз. Лекин азизлар шу қон энг аввало Худованд учун тўкилди деган гапни доимо эшитавермасак керак. Дарҳақиқат, биринчи галда Раббимиз Ўзининг Муқаддас Қонини Худованд учун тўккан. Чунки бизларни жазодан қутқариш учун ва Худованд олдида оқлаш учун У Ўз қонини тўккан эди.
Худованд инсоният томонидан содир этилган гуноҳни, ҳа, майли шуни кечирворай демайди. У тўкилган қонни кўргани учун бизларни кечиради. Шундай қилиб биз кўришимиз мумкинки, ўша Муқаддас Қон биринчи галда Худованд учун тўкилган. Ҳурматли радио тингловчи, агар Масиҳ Қонининг баҳосини билмоқчи бўлсак, биз биринчи навбатда бу Қоннинг Худованд олдида қандай қадр-қимматга эга эганлиги ҳақида ўйлашимиз керак.
Агар Худованд олдидаги Унинг қадр-қимматини билмасак, у биз учун ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Эсингизда бўлса, Қадимги Аҳд даврида ҳар йили бир маротаба бутун Исроил халқи қилган гуноҳлари учун қурбонлик қилар эди. Қурбонлик қони эса чодирнинг Муқаддаслар Муқаддаси хонасига олиб кирилиб, Худованд олдида етти марта сепилар эди.
Қурбонлик ҳамманинг кўзи олдида келтирилар эди, лекин муқаддас чодирга фақатгина олийруҳонийгина кириши мумкин бўлган. Худованд бу жойга бошқа ҳеч кимнинг киришига йўл қўймас эди. Нима учун? Чунки олийруҳоний гуноҳларимиз учун тўлов тўлаган Раббимиз Исо Масиҳнинг ўрнида эди десак ҳам бўлади.” Энди эса Масиҳ қўл билан қурилмаган, яъни бу дунё ижоди бўлмаган буюкроқ ва мукаммалроқ чодирдан ўтиб борди.
Масиҳ такалар ва бузоқларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони билан муқаддас маконга бир маротаба кириб, бизлар учун абадий нажотни қўлга киритди (Ибронийларга мактубидан). Шундай қилиб олийруҳоний гуноҳларга тўлов тўлайдиган Ягона шахснинг ўрнидаги бир кўриниш эди холос. Ундан бошқалар Чодирга кириш у ёқда турсин ҳаттоки яқинлаша олмасди ҳам.
Олийруҳоний чодирга кирганида битта асосий вазифани адо этиш учун кирар эди. У Худовандга қон қурбонлигини яъни Худовандни қониқтирадиган қурбонликни олиб кирар эди. Бу маросим эса инсонлар кўзидан йироқда бажариладиган Худованд ва олийруҳоний орасида қилинадиган аҳд эди. Азизлар, бугунги эшиттиришимизга хулоса қиладиган бўлсак, Муқаддас Қон тўкилишини Худованд хоҳлаган эди. У тукилди, Худованд эса ўз навбатида инсонларга кечирим берди. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.