3:33

Дўзах қандай жой

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчилар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Азизлар, кўпинча одамлар бирон нарсага ўз кўзлари билан амин бўлмагунларича ишонқирамай қарашади. Масалан, бир пайтлар аҳоли орасида турли шов-шувга сабаб бўлган НУЖларни олайлик.

Яъни номаълум учар жисмлар. Бу ҳақида гапирганда кимдир ишонади, яна кимдир ўз кўзим билан кўрмасам ишонмайман деб айтади. Энди бошқа бир жиддийроқ масалани олайлик, яъни жаннат ва дўзах. Агар кимгадир шу ҳақида гапирсангиз, ким дўзах ёки жаннатдан қайтиб келибдики, мен унга ишонсам деган гапларни айтишади. Тўғри, ҳеч ким у ерга бориб қайтиб келмаган ва қайтишга имконияти ҳам йўқ.

Азизлар, келинг сизни эътиборингизни бир нарсага қаратсам. Яъни ҳозир дўзахда турган инсоннинг хабарига қаратмоқчиман. Албатта, сиз: “Бу қандай бўлиши мумкин, ахир ҳеч ким дўзахдан қайтиб келган эмас-ку!” – деб савол беришингиз табиий. Аммо Муқаддас Китобда шундай хабар бор. Агар қўлингизда Муқаддас Инжил Китоби бўлса, Луқо баён этган Хушхабар китобининг 16-бобини очиб ўқисангиз, мен нимани назарда тутаётганлигимни, албатта, тушунасиз.

Бу масалда Исо ушбу даҳшатли жойда азоб чекаётган бир инсон ҳақида сўзлайди. Ўша инсон ер юзида яшаган пайтида кимҳоб ва шойи кийимлар кийиб, ҳар куни дабдабали базмларда кайф-сафо сурар эди. У жиноятчи ёки зинокор эмас эди, фақатгина ҳаётдан роҳатланиб яшашни истаган бир инсон эди холос. Унда остонасида ётган, ҳамма жойини яра босган Лазарга нисбатан раҳм-шафқат йўқ эди. У ўзидан бошқа ҳеч кимни ва ҳеч нарсани севмас эди.

Балки Иброҳим авлодидан бўлганлиги сабабли ўз вақтида ибодатхонага бориб турган бўлиши мумкин. Аммо унинг қалбида Худога жой бўлмаганлиги учун ҳам бошқаларни сева олмагандир. Лекин вақт ўтиб у вафот этди. Бойлиги унга ўлимдан қочишга ёрдам бера олмади. Шунингдек, бу нарса бизга ҳам ёрдам бера олмайди. Раббимиз Исо шундай деди: “уни кўмишибди”, сўнг “дўзаҳ азобидан ўтар экан, бой бошини кўтариб…”.

Одатда дафн маросимларида марҳумнинг ҳаёти ва фоний дунёда қандай инсон бўлганлиги ҳақида гапирилади. Аммо биргина Масиҳ инсоннинг нариги дунёдаги қисмати ҳақида айта олган: у дўзахда азоб чекаётган ҳолда уйғонди. Сўнгра ушбу бобда у инсоннинг дўзахда нимани кўрганлиги тўғрисида ҳикоя қилинади. У қачонлардир гадой бўлган Лазарнинг Иброҳим ҳузурида ўтирганлигини кўрди. Бундан биз унинг дўзахда ҳам эс-ақлини сақлаб қолганлигини кўрамиз, чунки у ер юзида яшаганда ким бўлганлигини эсидан чиқармаган. Таъкидлаб ўтиш керакки, бу одам дўзахда Худо ва Унинг марҳаматидан маҳрум бўлди, чунки ердаги ҳаётида Худо ва Худонинг марҳаматидан олис яшаган. Бундан маълум бўляптики, инсон дўзахда ҳам ўйлаш, ҳис этиш ва хотирлаш қобилиятини йўқотмайди. Гунохкор инсон ўша дўзахда яшашни давом эттиради, аммо дўзахда қурт ҳам ўлмайдиган ва олов ҳам сўнмайдиган, кечаю кундуз тинчлик бўлмайдиган жойда! Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top