Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Сизлар билан яна радио орқали дийдор учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳар бир инсон ҳаёти давомида билиб билмай гуноҳ қилиши мумкин.
Шу жумладан масиҳийлар ҳам. Яна шу каби ўз фарзандларимизни тарбиялашимиз давомида адашишимиз ҳам мумкин. Чунки барча донолик Унга, яъни Худовандга тегишлидир. Шундай пайтларда руҳан енгилмай, Худованд кўрсатган тўғри йўлда давом этишимиз мумкин. Агар аксинча нотўғри йўлдан юра бошласак, Худованд қараб турмайди.
Ҳатто У шундай инсонларни жазолашга ҳам тайёрдир. Ҳаворийлардан бири шундай деб айтади: “Сизлар чекаётган машаққатларга танбеҳ деб, сабр қилинглар. Худо сизлар билан ўғиллардай муомала қиляпти-ку! Қандай ўғил йўқки, отаси унга танбеҳ бермаса?! Танбеҳ ҳамманинг насибасидир. Агар сизлар бундан маҳрум қолсангиз, сизлар ўғил эмас, харомзодасизлар” (Ибронийларга 12:7-8).
Айнан шу айтилган оят болаларимизнинг тарбиясига ҳам тегишлидир. Севгига тўла ота ўз фарзандларини севги билан жазолайди. Лекин болаларини севмайдиган отагина ўз фарзандларига эътиборсиз ва уларни жазоламайди ҳам. Агар ҳар бир инсоннинг фарзандлари ўз ота-онасининг кўрсатмаларини, танбеҳларини ва айниқса бераётган тарбиясини худди губка каби ўзига сўриб олса, ўйлаймизки дунёда ҳеч қачон ёмон отлиқ фарзандлар бўлмасди.
Лекин минг афсуслар билан айтамизки, ҳамма болалар ҳам доимо ота-оналарининг айтганларини қилавермайдилар. Натижада уларнинг ҳаётларида биринчи галда Худовандга қарши гуноҳ пайдо бўлади. Шу билан бирга ўз ота-оналарини юзини ерга қаратишлари ҳам мумкин.
Ҳатто кичкина чақалоқлар ҳам ўзларининг йиғлаб нималарнидир талаб қилиши орқали ота-онага нисбатан жаҳл қилишлари мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар бир бола маълум ёшга етгунларига қадар доимо ота-онасидан жазо олишлари турган гап. Ўйлайманки, ҳеч қачон жазоланмаган болалар бўлмаса керак. Бунинг барчаси гуноҳ туфайли.
Азиз биродарлар! Тушунаман, баъзи пайтларда ота-онанинг қўлидан ҳеч нарса келмайдигандек кўринади. Йўқ! Асло таслим бўлишга шошилманг. Ахир ҳар биримизда доимо мадад берувчи Муқаддас Руҳ яшаяптику. Келинг, шундай пайтларда Худованддан ёрдам сўрайлик. Шуни доимо ёдда тутишимиз керак. Албатта, болаларимизни ҳеч қачон назоратимиздан четта қолдирмаслигимиз керак.
Лекин шу билан бирга эҳтиёткор бўлишимиз ҳам лозим. Ҳаддан ташқари талабчанлик ёки ҳаддан ташқари назорат қилиш болани бездириб қўйиши ҳам мумкин. Доимо тарозини палласини тенг ушлашга ҳаракат қилайлик. Азизлар, шу ерда сизлар билан хайрлашиб, сабр тоқатли бўлинг деб қоламиз. Омон бўлинглар.