MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радио эфир орқали учрашганимиздан хурсандмиз. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек, сиз, азизлар билан бирга бўламан. Кўпинча биз ҳаётимизда содир бўлган у ёки бу нарса ўзимиз қилган гуноҳнинг табиий оқибати эканлигини тушунмаган ҳолда, нима учун Худованд бунга йўл қўйди, деб савол берамиз.

Аҳир, гуноҳ бу тош, яъни ким уни отса, доим унинг ўзига қайтиб тушади. Ёқуб ўзининг севимли ўғли бўлмиш Юсуфни қонга беланган кийимларини кўриб, дод солди. Аслида Худованд шу ёлғон ишлардан вақти-соати келиб катта ишларни қилмоқчи эканлигини у қаердан ҳам билсин. Азизлар, агар Худованд ҳар бир инсоннинг ҳаётидаги қилмоқчи бўлган режаларини олдиндан билганимизда, балки дунёдаги энг яхши инсон бўлишга ҳаракат қилармидик.

Ваҳоланки, Худованднинг энг асосий режасидан кўпчилигимиз хабардормиз. Яъни Худованд барчамизни Ўзининг жаннат аталмиш ажойиб жойда кутаётганини биламиз. Лекин шунга қарамай инсон ўзи танлаган йўлидан шахдам қадамлар ташлаб олдинга қараб интилмоқда. Манзилга етиб борганида эса афсус- надоматлардан фойда йўқдир.

Ёқуб қўлига қонга беланган кийимларни оларкан, оҳ, бу, аҳир, менинг ўғлимни кийими-ку, деб ифодалаб бўлмайдиган бир дард билан ҳайқириб юборди. Уни йиртқич ҳайвон ғажиб ташлаган! Бекорга мен бундан қўрқмаган эканман! Нимагаям мен Юсуфни жўнатдим-а! Ёқуб чодир олдида ўғли билан қандай хайрлашганини эслади. Энди билса, у ўғли билан бир умрга хайрлашган экан.

Гўё унинг қора қўнғироқ сочли ўғли ёқимтой юзидаги табассум ва ажойиб жигар ранг кўзларидаги миннатдор қараш билан кўз ўнгида гавдалангандек бўлди. Қадрдон ўғли бир умрга йўқолди, бебахт ота эса, ҳаттоки, уни дафн этолмади! Баъзан одамлар қанчалик ёвуз ва айёр бўладилар. Ёқубнинг ўғиллари ўз хотинлари билан бирга ёлғондакам кўз ёш тўкиб, Юсуф учун аза тутиб йиғладилар.

Улар тасалли тополмаётган оталарига қараб турардилар, бироқ унга Юсуф тирик эканлигини, у Мисрга қул қилиб сотиб юборилганини ва агарда отаси истаса, укаларини сотиб олиш учун барча қул бозорларни айланиб чиқишга тайёр эканликларини айтмадилар. Оталарининг жаҳлидан қўрқиб, бу ҳақда индамадилар. Агар Юсуф уйга қайтганда, у ҳолда у улар учун яна ҳам каттароқ таъна бўларди.

Оталари эса вақт ўтиши билан тинчланади, аҳир, унинг овуниши учун Бенямин бор-ку. Ёқубнинг ёруғ юлдузи Юсуфсиз унинг чодирига қандай дард-алам чўкканлигини, фақатгина яқин кишисини йўқотган дўстларимизгина билиши мумкмин! Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали шуни хулоса қилишимиз мумкинки, суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимиздек, гуноҳ ўзининг мақсадини амалга оширди. Кичгинагина хасад катта бир гуноҳга айланди. Гуноҳ ҳар бир инсоннинг ҳаётида ўз ишини амалга оширмоқчи бўлади. Кимдир сал эҳтиётсизроқ бўлса гуноҳнинг тузоғига илиниши мумкин. Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top