Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек бир неча дақиқа давомида сиз азизлар билан бирга бўламан. Муқаддас Китобга қарасак, Худованднинг севгиси тўғрисида кўп оятларни кўришимиз мумкин.
Масиҳий инсон биродарларга ва ўз яқинларига Худонинг севгиси ҳақида доимо гапириши керак. Гапирганимизда ҳам оддийгина қилиб эмас, балки бошқаларни ўйлатадиган даражада гапира олишимиз керак. Олов каби ёниб гапиришимиз керак. Сабаб, Раббимизнинг хочдаги ўлими ва инсонларга олиб келган нажоти шунга арзийди.
Азиз радио тингловчилар, балки шунча севгини Худовандга бера олмаётгандирмиз. Шунинг учун ҳам У томонидан яратилган одамларга тўлиқ Худони севгисини кўрсатишга интилишимиз зарур. Агар кимгадир Худованднинг ушбу амрини амалга ошириш қийин кечса, рўза тутиб ибодат қилинг. Худованддан бошқаларга нисбатан меҳр, севги ва сабр-тоқат сўранг.
Демак, биринчи қадам биродарларнинг муҳтожликлари ва муаммолари ҳақида ўйлаб кўринг. Балки кимдир бетоб бўлса, қўлдан келган ёрдамингизни аяманг. Агар биродарингизнинг муаммолари олдида ожиз бўлсангиз Худованддан сўранг. Бошқалардан ҳам биродарингиз учун ибодат қилишларини илтимос қилинг.
Шундай қилиб, Худованднинг олдида тоза юракка эга бўлишга, биродарингизга эса Худованднинг севгисини кўрсатишга интилган бўласиз. Масалан, уйингизнинг ошхонасига кирган пайтингизда, фақат ўзингиз ҳақингизда эмас, кўчадаги оч инсонлар ҳақида хам ўйланг. Бундай фикр юритиш бошқаларга нисбатан севгини ошиб боришида сизга катта ёрдам беради.
Албатта, ўзингиз ва оилангиз ҳам муҳим. Чунки уларни ҳам Худованд севади. Улар ҳам Худованднинг ижоди. Лекин биродарга нисбатан кўрсатган ҳар бир ёрдамимиз Осмон Шоҳлигида кўпроқ хазина тўплашимиз учун яхши имкониятдир. Азиз биродар, ерда Худованд учун ва Унинг фарзандлари учун кўрсатилга озгина меҳр- оқибат эвазига Осмонда икки, уч, ҳатто ўн баробар кўпроқ бўлиб қайтишига шахсан мен ишонаман.
Худовандга ишонмайдиган киши учун бу гапларнинг унчалик аҳамияти бўлмаса керак. Шундай биродарларимизнинг фикрича ҳар бир инсон ўзи ва оиласи ҳақида қайғуриши керак, деб ўйлайди. Лекин тирик Худовандни таниб билган инсон учун аҳамияти бор. Азиз биродар, биз яхши биламиз, ҳар бир инсон вақти-соати келганда, Худованднинг ҳузурига борамиз ва ҳар бир содир этган ишларимиз учун жавоб берамиз. Шунинг учун, азиз биродар, келинг, қўлимиздан келганича Худованднинг амрларига қулоқ тутайлик. Унинг истаги эса Ўзига ва биродарларимизга нисбатан Худовандни севгисини кўрсата олишимиздир. Азиз радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етди, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.