3:28

Руҳий ғалаба 15

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Ибронийларга мактубининг 1боби 14 оятида фаришталар «хизматчи руҳлар» деб айтилади. «Хизматчи» дегани грекчада (легургика) уй хизматкори ёки қул деган маънони билдирмайди.

Бу термин мансабдор шахсга тегишли ҳисобланади. Шу сабабдан, Муқаддас Каломга кўра, фаришталар имонлилар учун Худо томонидан юборилганлигини ва уларга ёрдам бериш вазифаси топширилганлигини аниқ кўришимиз мумкин. Фаришталарнинг имонлиларга қиладиган хизматлари қуйидагиларни ўз ичига олади: биринчидан жисмоний ҳимоя қилади.

Муқаддас каломдан яққол бир мисолни кўрадиган бўлсак ҳазрати Довуд Шоулдан қочиб, филистийликлар томонга кетган пайтда фаришта уни танасини хавф-хатардан қўриқлаган эди. Бу ҳақида Забур китобининг 33 саноси 7 оятидан ўқиб кўришимиз мумкин. Фаришталар Худованд халқининг душманларини ҳар қандай режаларини барбод қила оладилар.

Бу ҳақида эса Забур куйловчиси 34 санонинг 4 ҳамда 5 оятларида айтиб ўтган. Фаришта Худодан паноҳ излаган ҳар бир кишини жисмоний зарар кўришдан асрайди. Забур 90 сано 9 оятдан то 13 оятгача бўлган жойлар. Фаришталар қамоқда ўтирган ҳаворийларни ва Бутрусни ажойиб тарзда озод қилганлигини биз Муқаддас китобдан яхши биламиз.

Буюк мусибат кунларида улар бир юз қирқ тўрт минг кишини ҳимоя қиладилар, деб ёзади Ваҳий китобининг 7 боби 1 ҳамда 8 оятлари. Бундан ташқари фаришталар жисмонан қувватлантиради ва таъминлайди. Бунга мисол тариқасида, фаришта узоқ йўл туфайли ҳолдан тойган Илёс пайғамбарнинг қорнини тўйғазгани ва ташналигини қондирганини эслашимизнинг ўзи етарли деб ўйлайман.

Биз бугунги эшиттиришимиз орқали гапираётган фаришталар далда берувчи, дадиллик бағишловчидир ҳам. Денгизда тўфон турган пайтда фаришта Павлусга дадиллик бағишлайди ва Исо Масиҳ ҳақида шоҳидлик қилиш учун Римга эсон-омон етиб олишини айтиб, ҳаворийга далда беради. Фаришта ҳабашистонлик амалдорга Нажоткор ҳақидаги Хушхабарни айтиш учун Филиппни Ғазага жўнатади Фаришта ҳаворий Бутрус билан юзбоши Корнилийни учраштиради.

Бу учрашув туфайли мажусийлар ҳам нажотга эришадилар. Бутруснинг озод бўлиши учун қилинган дуолар Худога етиб боради ва У Ўз фариштаси ёрдамида уни озод қилади. Дониёр пайғамбар қилган дуоси учун Худодан жавоб олган пайтда, Жаброил фаришта бу жавобни унга тушунтириб беради. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худованд биз инсонларга фаришталар орқали шунчалик ғамхурлик қилмоқда.

Шунинг учун Отамизга миннатдорчилик билдирсак арзийди. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top