3:32

Руҳий ғалаба 19

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда руҳий жангга бағишланган мавзуларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек.

Хушхабар китоби яъни Янги Аҳд ёвуз дунёвий кучларнинг Ҳазрати Исога қарши очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатишидан бошланади. Хушхабарни ўрганишни бошлаганимизда, биз чўлдаги қирқ кунлик васваса пайтида иблисга қаршилик кўрсатган Исо Масиҳни кўрамиз.

Агар Маркдан Хушхабар китобининг 12 боби 13 оятини ўқиб чиқсангиз, ўзингиз шунга амин бўлишингиз мумкин. Душман билан бўлган бу биринчи курашда ғолиб чиққандан сўнг, Ҳазрати Исо одамлар учун ўз хизматини бошлаган. Маркдан Хушхабарининг биринчи бобида биз жинларнинг қандай қилиб ибодатхонада Исо Масиҳ хизматини тўхтатишга уринганликларини ҳам кўришимиз мумкин.

Исо Масиҳ ёвуз, қўрқоқ, нопок руҳларни дарҳол бўйсундиради ва ҳайдаб чиқаради. Марк китобининг 1 боби 21 ва 26 оятларида шу ҳақида ёзилган. Шу бобнинг 9 ва 34 оятларида Исо Масиҳнинг жинларга қаршилик кўрсатгани ва кечгача уларни ҳайдаб чиқаргани ҳақида ҳам гапирилади. Жинларни ҳайдаб чиқаргач, кейинги кун эрталаб Исо Масиҳ Ўзининг хизмат сафарига чиқади.

У шаҳарма-шаҳар юриб, ибодатхоналарга боради. Маркнинг айтишига қараганда, Исо Масиҳ бу шаҳарларда икки томонлама хизматни амалга оширади. У «воизлик қилар ва жинларни қувиб чиқарар эди» Марк 1 боб 39 оят. Бу эса аслини олганда руҳий жаҳон уруши эди! Исо Масиҳ хизматининг биринчи даражали мақсади шайтон ва унинг жинлари устидан ғалаба қозонишдан иборат бўлган.

Ердаги хизмати давомида Ҳазрати Исо ёвуз кучларни ҳамиша жангга чорлаган ва ҳар доим уларни енгиб чиққан. Бу нарса ердаги ҳаёти давомида Раббимиз Исо билан ёвуз руҳлар ўртасидаги шиддатли курашни ва Раббимиз ёвуз руҳларни қувиб чиқариш учун Ўз халқига ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини нима сабабдан ваъда қилганлигини тушунтириб беради. Ҳазрати Исонинг ёвуз руҳлар билан тўқнашувлари ҳақида Хушхабарнинг кўп жойларида гапирилади.

Бу мисолларнинг кўпчилигида жинга чалинганлик оқибатида одамларнинг кўплаб касалликларга дучор бўлганликларини кўришимиз ҳам мумкин. Жинларни қувишда Ҳазрати Исо ва Унинг шогирдлари қўллайдиган усул ўша пайтда тез-тез ишлатиладиган жодугарлик усулларидан тубдан фарқ қиларди. Ҳазрати Исо жинларни Ўз ҳукмронлиги амри билан, буйруқ бериб ҳайдаб чиқарган. Жинларга тўқнаш келган пайтда Раббимиз ҳеч қачон улар билан узоқ баҳслашиб ўтирмаган.

Кўп ҳолларда ҳатто гапиришларига ҳам йўл қўймаган. Худо томонидан берилган ҳокимият туфайли У жинларга одамдан чиқиб кетишларини буюрган, холос. Ҳазрати Исо амр қилган ва улар одам танасини тарк этганлар. Бу Худо Каломининг нақадар қудратли эканлигидан дарак беради! Ҳурматли радио тингловчи биродарлар! Бугунги эшиттиришимизни шу ерда якунлаб, сиз азизлар билан келгуси эшиттиришларимизгача хайрлашиб қоламиз. Хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top