Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Одамлар Худодан юз ўгириб, ўз ҳаётлари давомида бойлик ва шон-шуҳратни ҳамма нарсадан устун қўйсалар, Худо уларнинг пароканда бўлишларига йўл қўяди.
Руҳий жанг борасидаги вазият ҳам бугунги кунда худди шу ҳолатда. Ҳалокатли вазиятлар исканжасида қолган пайтимизда ҳам, биз Худога имон-ишонч билан жавоб бераяпмизми ёки йўқми, Раббимиз буни кўришни хоҳлайди. Шу билан бир қаторда, Худо ҳамма ишларимиз яхши кетаётган ва оғир кунлар бошимизга келмаган пайтда имон-эътиқодимизнинг қай даражада мустаҳкам ёки суст эканлигига ҳам қизиқади.
Осойишта яшаётган пайтимизда ҳам, танг аҳволда қолганимизда ҳам, биз Худога имон билан дуо қилишимиз кераклиги ҳақида гапиради 1 Юҳанно китобининг 5 боби 4 ояти. Бизнинг танамиз дуо қилинадиган уй бўлиши керак, чунки танамиз Муқаддас Руҳнинг маъбади ҳисобланади. Ҳаёт учун муҳим ҳисобланган дуодан бизни чалғитадиган ҳар қандай нарса Худо бермоқчи бўлган марҳаматни биздан ўғирламоқчи бўлган ўғридир.
Ҳар биримизни Худо билан ажойиб тарзда боғлайдиган ҳақиқий дуо қилиш санъатини биз яхшилаб ўрганишимиз зарур. Агар Худо дуони эшитса ва унга жавоб берса, у ҳолда мен биринчи ўринда дуо қилишни ўрганишим керак бўлади. Дуо қилишни билмаслик гуноҳ ҳисобланади. Худо Каломи шундай дейди: «Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун дуо қиламан.
Акс ҳолда Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман» 1 Шоҳлар китоби 12 боб 23 оят. Ҳазрати Шомуил Исроил фарзандларига нимани ўргатиши керак бўлган? Ҳазрати Исо-чи, У дуо қилиш борасида Ўз шогирдларини нимага ўргатган? Матто Хушхабар китобининг 6 боби 9 оятдан 13 оятгача бўлган жойида, Раббимиз бизга дуо қилиб яшашимиз учун фойдали бўлган баъзи бир асосларни кўрсатиб беради.
Ҳазрати Исо намуна қилиб кўрсатган дуога эътибор берадиган бўлсангиз, дуо «Осмондаги Отамиз» деган сўзлар билан бошланади. Бу дуо гўёки боланинг ўз Отаси билан қилаётган суҳбатига ўхшаб кетади. Биз самарали дуо қила олишимиз учун Худонинг фарзанди бўлишимиз керак. Агар Худо сизнинг Отангиз бўлса, у ҳолда Унга мурожаат қилиб дуо қилиш қанчалик осон ва табиий бўлишини биласизми. Ҳар ким ҳам Худога «Ота» деб мурожаат қила олмайди.
Худонинг оиласига кирган кишиларгина бу ҳуқуққа эга бўла оладилар. Биз Ҳазрати Исони ўз Раббимиз ва Нажоткоримиз деб қабул қилиб, Унинг оиласига кирсаккина, Худонинг фарзанди бўлишимиз ва Уни Ота деб айтишимиз мумкин. Азиз радио тингловчи, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.