4:41

Қарз бериш ҳақида

MP3

Ҳурматли эркаклар бугун биз ўтган сафарги суҳбатимизни давом эттирамиз. Сиз укангизнинг ёки бўлмаса қариндошиннинг яқини бўлиш билан бирга оилангизнинг боши ва болаларингизнинг соғлиғига, ризқига жавобгар шахс ҳамсиз. Сиз қарз бераётганингизда энг аввало ўз оилангизнинг камчиликлари йўқми, шунга эътибор беришингиз лозим бўлади. агар оилангизда нима камчилик, ёки болаларингизни стомотологга олиб бориш зарур ёки йўқлигини билмасангиз, албатта хотинингиз билан маслаҳатлашишга тўғри келади. Чунки аввалги суҳбатимизда айтиб ўтганимиздек одатда аёллар оиладаги ҳамма нарсанинг икир-чикиригача яхши билади. Орамизда жуда кўпчилигимиз хотинлар билан маслаҳатлашишни ўзимизга эп билмаймиз. Бу иш худди хотинидан қўрқишдай туюлади бизга. Аммо ҳақиқатда оилангизга жавобгарликни ҳис қилсангиз, ёки бўлмаса энг аввало шу оиланинг соғлиги, гуллаб яшнаши сизнинг қўлингизда эканлигини билсангиз, хотинингиз билан бир оғиз маслаҳатлашиб, сўнгра иш тутиш сизга ор туюлмайди.

Энди бошқа бир ҳолатни кўрайлик. Манна эшик таққиллаб укангиз қарз сўраб келди. Уни уйга киритиб: “Ҳозир қанча пулим қолганини аниқ билмайман. Бир кўриб келай-чи”, деб хотинингиз билан: “Хотин, укам қарз сўраб келибди. Рўзғорда камчилик йўқми, яқин кунларда болалардан бирортасини дўхтирга олиб бориш керак эмасми, ҳаммасининг кийим кечаклари жойидами, ё бўлмаса бирортасига кийим керак эмасми?”, — деб сўрасангиз, хотинингиз ҳаммасини баён қилади. Хотинингизнинг гап сўзларидан оилага зарур нарсалар учун пул сарфланиши керак бўлса, ёки болаларга бирор нарса олиниши керак бўлса, укангизга: “Укажон кечирасан, сен айтган суммани беролмас эканман. Қўлимда бир оз пулим бор-у, кейинги пул тушгунча унга яшаб туришим керак.”, — десангиз укангиз ҳам хафа бўлмайди. Агар мабодо хотинингиз кийимга ўч бўлса-ю: «Менга ҳалигинақа янги чиққан кўйлакдан олиб беринг”, деб ўзининг хархашасини қилса, бунга қулоқ солишнинг ҳожати йўқлигини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак.

Агар болаларингизнинг кийим кечаги жойида бўлса, ҳеч бирини яқин кунларда докторга кўрсатишнинг ҳожати бўлмаса, укангизга ўзи айтган суммани (агар сизда шунча сумма бор бўлса) бемалол беришингиз мумкин. Аммо эрта индин болаларга бирор нарса керак бўлса, ёки бирор оилага зарур бўлган сарф ҳаражат қилиниши керак бўлса, қўлингиздаги борини режалаштириб, кейинги сафар қўлингизга пул тушгунча етадиган пулни олиб қўйиб, сўнгра укангизга: “Укажон, хафа бўлмайсан шунчадан ортиқ беролмайман. Бера оладиганим шунча экан”, десангиз у ҳам хафа бўлмайди. Қарз бериш мавзуси одатда эркакларни ўйлантирмайди. Кимдир ундан қарз сўраса, пули борми шартта бериб юбораверади. Қарз беришдан олдин, берган пулимни қайтариб берармикан деб ўйлашдан кўра, шу пул оиламга керак бўлса-чи, деб ўйлаш яхшироқ. Биринчи фикр ўйлаш қочмайди. Албатта қарзни кимга, қандай одамга, қанча вақтга бериш ва уни вақтида олиш ҳақида ўйлаш ҳам муҳим. Чунки бу сизнинг пешона терингиз билан топилган пулингиз.

Аммо шу ўринда кичкина бир маслаҳат ҳам бериб ўтмоқчимиз. Агар яқинларингиз қарз сўраб келса, унинг ҳолатини яхшилаб ўрганинг. Агар шу пулга жуда мухтож бўлсагина, қарз сўрашдан бошқа иложини қилолмаган бўлса ва ишончли одам бўлса қарз беринг. Агар унинг ҳолатида қарз сўрашдан ҳам бошқа йўлини қилса бўлади, деб ўйласангиз, яхшиси қарз берманг. Нега, дейсизми? Агар қарз берсангиз ўша қариндошни яшаш учун курашиш ҳаракатидан бебаҳра қилиб қўясиз. Ўша одам эса бу ҳолатда дангаса бўлиб қолиши мумкин. Кейин эса яна бир муаммо туғилса, ҳеч ўйланиб ўтирмай сизнинг олдингизга қарз сўраб келаверадиган бўлиб қолади. Шунинг учун сиз қарз бераётганингизда яхшилаб ўйлаб кўришингиз керак бўлади. Бу усулни хотинингизга ҳам ўргатишингиз мумкин. Хотинингиз сизнинг йўғингизда бировга қарз бермаслиги кераклигини яхшилаб тушунтиринг. Чунки оиланинг эгаси сизсиз. Ҳар бир иш сиз билан бамаслаҳат қилиниши лозим. Айни дамда сиз ҳам хотинингиз билан бамаслаҳат иш тутсангиз, бу фақат оилангизнинг фойдаси ва ривожланиши учундир. Қадрли эркаклар бугунги суҳбатимиз сизларга маъқул келди деган фикрдамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top