4:01

Менинг уйим 2 қисм

MP3

Уй — бу ота, она ва болалар бир-бирини бахтли қилиш учун ҳаракат қилган ҳолда ўз бахтларини топадиган жойдир. Салом азизлар! Сизлар билан яна радио тўлқинлар орқали учрашиб турганимдан бенихоят хурсандман. Ўтган сафар биз сизлар билан уй хақидаги хикояни сизга хавола қилган эдик. Бугун эса хикоянинг давомини тинглаймиз. Ҳазрати Сулаймон пайғамбар шундай деган эдилар: «Ўғлингни жазолаб тур, шунда у сени тинчликка етказади, қалбингни шодликка тўлдиради» (Ҳкм.29:17). Ҳозир кўпчилик одамлар ўзларини доно деб ўйлаб, фарзанд тарбияси бўйича катта-катта хатоларга йўл қўйишмоқда. Ёш айғирларни эгарга ўргатиб бориш керак, акс ҳолда ёввойилашиб кетишади. Бироқ шундай оталар ҳам борки, улар фарзандининг ҳар бир хатосидан ғазабланиб, жаҳл отига минишади. Шамол кам бўлса тегирмон бекор қолади, бироқ шамол керагидан кўп бўлса — бутун тегирмонни ағдариб юборади. Ғазабланиб фарзандларини калтаклайдиган одамлар одатда мақсадга эриша олмайди. Фарзандларингизни жисмонан ёки руҳан шикастлаб қўймаслик учун Худодан ақл-донолик сўранг. Худонинг Каломига мувофиқ равишда бошқарилаётган уйда фаришталар ҳам ўзларини яхши ҳис қилишади.

Болаларга нисбатан яхши ва бир вақтнинг ўзида жиддий муносабатда бўлишимиз керак. Уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш нотўғри. Бола чинқираётган пайтда уни ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз, тарбияси яхшигина бузилган фарзандга эга бўласиз. «Қамчи билан насиҳат фарзандга ақл беради, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса онасига уят келтиради» (Ҳкм.29:15). Болаларимиз кичкиналигида уларни тарбия қилиш ҳақида бош қотирмасак, вояга етгандан сўнг бошимизга бало бўлади. Ҳеч қачон болалар билан гаплашганда ўртага ёлғон аралаштирманг: бизнинг «ҳа» сўзимиз ростдан ҳа эканлигини, «йўқ» сўзимиз эса йўқ эканини улар билиши керак. Болаларингизга нимаики ваъда қилган бўлсангиз, совғами ёки ҳатто жазоми, албатта бажаринг. Қўлингиздаги бор имкониятларни ишга солган ҳолда фарзандларингизни бўйсунишга ўргатинг: бўйсунмайдиган болалар бахтсиз бўлади. Болам бахтли бўлсин десангиз уни бўйсунишга мажбур қилинг. Агар ота бир марта обрўсини йўқотса, кейин уни тиклаш жуда ҳам қийин бўлади. Фарзандларингизда ғазаб пайдо қилманг, уларни қўрқитманг ҳам. Кичкинтойлар Худодан қўрқишни ўргансин. Ўшандагина сиз ўз уйингизни бошқара оласиз, уйингиз Худонинг баракаси остида бўлади. Аёллар ўз уйлари ўзларининг давлати эканини, хонадоннинг бахт-саодати биринчи навбатда уларнинг ўзларига боғлиқ эканини англаб олишлари лозим. Ўзининг узун тили билан эрини қийнайдиган хотин ёмон хотин. Тозаликка бефарқ, ғийбат қилишни яхши кўрадиган аёллар ўз эрларини жинни бўлишгача олиб боради. Аёл эрини эъзозлаб, ҳурмат қилиш ўрнига, доим у билан жанжаллашиб баҳс қиладиган бўлса оилада хурсандчилик бўлмайди. Кўчада фариштадек, жамоатда авлиёдек кўринадиган, аммо ўз уйида иблис ролини ўйнайдиган аёллардан Худо сақласин. Мен бундай заҳарни ҳали тотиб кўрмадим, аммо ҳар куни уни ичишга мажбур бўлган инсонларга чин кўнгилдан ўз ҳамдардлигимни билдираман.

Оиласини севадиган эр, эрига муносиб хотин ва яхши тарбия топган болалардан иборат оила қимматбаҳо бир жавоҳирга ўхшайди. Худо яратган “ташкилотлар” ичида энг буюги — оила. Менинг камтарона уйим мен учун парламентдан ҳам азиз. Бизнесда эришган ютуқларингиз билан, маҳаллада қозонган обрў-эътиборингиз мақтанишингиз мумкин, бироқ мен учун ўзимнинг кичкина “боғимни” парвариш қилиш, фарзандларимни Оллоҳга ибодат қилишга ўргатиш афзалроқ. Сизга Хикоя ёқди деган умиддаман. Уйингиздан Худонинг мухаббати хеч аримасин. Хайр азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top