Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Сиз билан радио тўлқинларимиз орқали учрашиб турганимдан бенихоят хурсандман. Азизлар, бугунги дастуримизда биз Юнус пайғамбарнинг қилган ибодати билан танишиб чиқамиз. Юнусга Эгамиз иккинчи марта шу сўзларни аён қилди: “Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бориб, Менинг сўзларимни жар солиб у ердагиларга эълон қил.” Юнус Эгамизнинг амрига бўйсуниб, Найнаво томонга кетди. Найнаво жуда катта шаҳар бўлиб, уч кунда айланиб чиқса бўларди. Юнус шаҳар бўйлаб бир кун йўл юриб ўтди. У айланиб юриб: “Яна қирқ кундан сўнг Найнаво хароб бўлади”, деб жар солди. Найнаволиклар Худога ишониб, рўза тутамиз, деб эълон қилдилар. Шаҳардаги каттаю кичик тавба қилиб қанорга ўранди. Бу хабар Найнаво шоҳига ҳам етиб борди. У тахтдан тушиб, шоҳона либосларини ечди, қанорга ўраниб, кулга ўтирди. Ўзи ва амалдорлари номидан бутун Найнаво бўйлаб қуйидаги фармонни эълон қилди: “На инсонлар, на ҳайвонлар — мол–қўйлар ҳеч нарса емасин, сув ичмасин. Инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам қанорга ўрансин. Ҳар ким Худога ялиниб илтижо қилсин, ёвуз қилмишидан қайтсин, зулм қилмасин. Ким билади, балки Худо раҳм қилиб, бизга бўлган ғазабини қайтарар, биз ҳалок бўлмасмиз.” Худо уларнинг қилган ишларини, ёвуз қилмишларидан қайтганини кўриб, раҳм қилди ва уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади. Бу воқеадан Юнус қаттиқ хафа бўлиб ғазабланди. У Эгамизга ибодат қилиб деди: “Эй Эгам! Шунақа қилишингни ўз юртимда эканимдаёқ айтмаганмидим?! Шунинг учун мен Таршишга қочган эдим–да. Сен иноятли, меҳрибон, сабр–тоқатли, севгида чексиз, ғазабидан тушиб кечирадиган, раҳмдил Худо эканлигингни билган эдим. Энди, илтижо қиламан, Эгам, жонимни олиб қўя қол. Яшаганимдан кўра ўлганим яхшироқ.” Эгамиз эса: “Наҳотки шундан сен хафа бўлдинг?!” деди. Юнус шаҳардан чиқиб, шаҳарнинг шарқ томонига бориб ўтирди. Шу ерда чайла ясаб, энди шаҳарга нима бўларкин, деб чайланинг соясида кутиб ўтирди. Бир пайт, Юнуснинг бошига соя бўлсин, қайғуси барҳам топсин, деб Парвардигор Эгамиз бир ўсимлик ўстирди. Ўсимлик Юнуснинг тепасида кўтарилди. Юнус бу ўсимлик ўсганидан жуда хурсанд бўлди. Кейинги куни эса тонг пайтида Худо бир қуртни юборган эди, қурт ўсимликни кемириб қуритди. Қуёш юқорига кўтарилганда, Худо шарқдан гармсел юборди. Қуёш Юнуснинг бошини шундай қиздирдики, у ҳолдан кета бошлади. Юнус: “Бунақа яшаганимдан, ўлганим яхшироқ”, деб ўзига ўлим тилади. Худо Юнусга: — Битта ўсимлик нобуд бўлганидан жаҳлинг чиқдими? — деди. — Ҳа, жаҳлим чиқди, ўлимимга ҳам рози бўлдим, — деб жавоб берди Юнус. Шунда Эгамиз айтди: — Бу ўсимлик учун сен меҳнат қилмагансан, экиб–ўстирмагансан, ўзи бир кечада ўсиб, бир кечада йўқ бўлди. Сен шу ўсимлик учун ачинганингда, мен қудратли Найнаво шаҳрига ачинмаслигим керакми?! Ахир бу ерда оқ–қорани ажрата олмайдиган болаларнинг ўзидан юз йигирма мингдан ортиғи ва талай ҳайвонлар яшайди–ку!